Андижон шаҳар ИИБга янги бошлиқ тайинланди
Manba:Daryo — LIVE
Парпиевнинг жияни ўрнига Тошкент вилоятидан ҳайдалган кадр
4 июнь куни Андижон шаҳар ИИБнинг янги бошлиғи таништирилди. Тадбирда шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев (ҳа, ўша — «шакал» деб такрорлашни яхши кўрадиган ҳоким), Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов қатнашган. Шундай қилиб, полковник Шуҳрат Парпиев ўрнига бошқа полковник — Саидкарим Нишонбоев (қуйидаги суратда) Андижон шаҳар ИИБ бошлиғи этиб тайинланган.
Полковник Парпиев ҳақида унинг фамилиясининг ўзиёқ айтиб турибди — ўша машҳур Парпиевнинг жияни. У Президентнинг Андижонга ташрифидан сўнг «ҳокимиятни Парпиевлардан тозалаш операцияси» давомида ишдан олинган эди. Бу «операция»дан сўнг энг машҳур Парпиев касалхонага тушиб қолгани ҳақида ҳам хабарлар чиқди. Бир неча кун ичида уканг, ўғлинг, жиянларинг ишдан олинса — қанчалик «оддий аскар» бўлма — қабул қилиш осон эмас.
Полковник Нишонбоев эса камида бир марта Президент Мирзиёевнинг ёмон эътиборига тушиб улгурган. Ўз вақтида Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари ҳам бўлган Нишонбоев 2017 йил мартидан 2018 йил январига қадар Тошкент вилояти ИИБга раҳбарлик қилган. Уни 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятида ўтказилган селекторда «берилган вазифаларни бажармагани учун» шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ишдан олиб ташлаган эди.
Парпиев ва Нишонбоевнинг ҳаётидан уларни бирлаштириб турувчи бир қизиқ факт — 2017 йили Шуҳрат Парпиевни Андижон шаҳар ИИБ бошлиғи этиб тайинлаш ва Саидкарим Нишонбоевни Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинлаш ҳақидаги буйруқ бир вақтда чиққан (мана далил!).
