Алифбо ислоҳоти халқни саводсиз қиладими
Алифбо ислоҳоти халқни саводсиз қиладими?
JAVOB: Yóq!
Lotin yozuviga asoslangan ózbek alifbosini isloh qiliş kun tartibiga çiqqanidan sóng, juda kópçilik bu haqida ijobiy fikrlarini aytişni boşladi. Tóǵri, jarayonlarni hamma ham xuşçaqçaqlik bilan kutib olmadi, ular yozuvdagi ózgarişlarni joiz emas, deb hisoblaşadi va bólayotgan işlardan jiǵibiyroni çiqib yurişibdi.
E’tiroz bildiruvçilarning asosiy argumentlaridan biri – xalqni savodsiz qilişning nima keragi bor! Axir şundoq ham kóp bora alifbomiz ózgargani yetmaydimi?
Xóş, rostdan alifbo islohoti natijasida xalq savodsiz bólib qoladimi? Uşbu voqealar qay darajada xavotirli?
Юқоридаги гапларни атайин ўзгариши кутилаётган алифбо бўйича ёздим. Энг аввало бир саволга жавоб берингчи: юқоридаги матнни ўқишга қийналдингизми? Ёки бирор жойи Сизга тушунарсиз бўлдими?
Ҳозир амалда бўлган лотин алифбосидан хабари борлар учун бу ёзувлар тушунарсиз бўлганига шахсан мен ишонмайман.
Халқни саводсиз қилиш деганда нима тушунилади ўзи? Матнда 1-2 та хато билан ёзишми? Унақада саводли одамнинг ўзи қолмайдику. Саводсизлик, бу - ёзувни кўрганда танимаслик, ўқий олмаслик, ёза олмаслик бўлса керак ҳар ҳолда.
Ҳа, бир нарсани тан олиб айтиш керакки, жамиятда алифболар алмашуви ҳар доим ҳам осон кечмайди. Бу, айниқса, турли авлод вакиллари учун қийинчилик туғдиради. Масалан, ўзимиздан мисол олайлик. 1993 йилдаги қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси жорий этилгач, йиллар ўтиб жамиятда лотин ёзувини ўқишни билмайдиган катта авлод ва кирилл алифбосини танимайдиган ёш авлод шаклланди. Хорижий тилда эмас, ўз она тилингда ёзилган ёзувни ўқишга қийналиш халқ учун ноқулайлик туғдириши шубҳасиз, албатта.
Аммо бугунги кунда лотин алифбосига киритилаётган ўзгаришлар халқни саводсиз қилиши ҳақидаги даъволарга мутлақо қўшилиб бўлмайди.
Биринчидан, алифбо тўлиқлигича биридан бошқасига алмашиб кетаётгани йўқ. Шунчаки, 4та ҳарфнинг шаклига жузъий ўзгариш киритилмоқда, холос. Бунинг натижасида халқ саводсиз бўлиб қолмайди.
Иккинчидан, алифбога мазмунан биттагина ўзгариш киритилмоқда, яъни кирилчадаги «ц» ҳарфи учун янги «с» ҳарфи алифбога киритилмоқда. Лекин бу ҳарф ҳам мутлақо кўзимиз учун бегона эмас, уни яхши таниймиз.
Cirk, miliciya, innovaciya каби сўзларни ўқий олмасдан, халқ саводсизга айланишини тасаввур қилиш қийин.
«НГ» ҳарфини алифбодан чиқаришнинг эса зиғирча иссиқ-совуғи йўқ. Бу ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман.
Янги лойиҳада алифбога бошқа мазмунан бирорта ўзгариш киритиш таклиф этилмаяпти, унлилар икки-уч хил кўринишга ўзгартирилмаяпти, янгидан янги бизга нотаниш ҳарфлар қўшилмаяпти.
Учинчидан, ўзгараётган ҳарфлар ҳам мутлақо осмондан тушган ва халқ учун бегона ҳарфлар эмас.
«Şş» ва «Çç» ҳарфларини 1993 йилдаги алифбони ўрганганлар яхши эслашади, кейинги авлоднинг аксарият қисми ҳам бу ҳарфларнинг «ш» ва «ч» эканлигидан хабардор, бу билан халқ саводсизга чиқиб қолмайди.
«Óó» ва «Ǵǵ» ҳарфлари эса анчадан буён қорақалпоқлар алифбосида худди шу кўринишдан фойдаланиб келинади, яъни Ўзбекистон учун бу ҳарф етти ёт бегона эмас. Агар шу вариант тасдиқланса бир Ватан ичида яшаётган қорақалпоқ халқи алифбоси билан бир хил бўлиши ҳар жиҳатдан мантиқан тўғри бўлади.
Шунга кўра, алифбога киритилаётган ўзгаришлар халқни саводсиз қилади, деган иддаолар етарли асосга эга эмас.
Órtoqlar, heç ham vahima qiladigan joyi yóq, işoning. Xudo xohlasa, barçasi yaxşi bóladi.
👉 @xushnudbek 👈


