Юридик қайта тайёрлаш курслари бўйича саволларга жавоблар

Matn19-iyun, 2018, 11:313 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Кечаги юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курси бўйича хабардан кейин бир қанча саволлар келиб тушди. Уларни умумлаштириб, имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.

1. Қайта тайёрлашдан ўтгандан сўнг, қаерларда юрист бўлиб ишлаш мумкин?
Аниқ билмадим. Гап шундаки, бу хабар “Ҳуқуқий ахборот” каналида эълон қилинди, у ерда эса қисқа маълумотлар ёзилган. Батафсил маълумотни Ҳукуматнинг тегишли қарорини кўргандан сўнг олиш мумкин. Ҳозирча қарорнинг расмий матни эълон қилингани йўқ.

Корхона ва ташкилотларда юрист бўлиб ишлаш мумкин, деган хулосани эса, мантиқан ўйлаб, ўзим ёздим. Адлия берган маълумотда бу ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Лекин мантиқан олиб қараганда, 6 ой контракт тўлаб, иш жойидан ажралиб ўқиб, диплом олсаю, лекин бирор жойда юрист бўлиб ишлай олмаса, ким ҳам ўқирди. Шунга кўра, ишонч билан шу хулосани бердим.

Менимча, қайта тайёрлашдан ўтганлар олий юридик маълумот талаб қилинадиган барча жойда ишлай олмаса керак. Масалан, судья, прокурор, терговчи, адвокат ёки ҳаттоки нотариус ҳам бўла олмаса керак. Яна ҳам “тонг отсин” (қарор эълон қилинсин) ҳаммасини кўрамиз.

2. Қайта тайёрлаш курсида ўқиган тингловчиларга якунда қандай ҳужжат берилади: сертификатми ёки диплом?
Диплом берилади.

3. Контракт тўлови қанча бўлади?
Билмадим, бу ҳақида маълумотга эга эмасман. Балки бакалаврларнинг 1 йиллик контракт пули бўлар (9 млн 850 минг). Ёки 6 ойлигини ҳисобга олиб, шунинг ярми бўлар (4 млн 925 минг). Бу тез орада Университет томонидан эълон қилинса керак.

4. Бир йилда неча киши қабул қилинади?
Албатта, исталганча қабул бўлмайди. Ҳар сафар махсус квота белгиланади. Квотани Тошкент давлат юридик университети Кенгаши белгилайди. Ҳозирча нечта жой ажратилиши ҳақида менда маълумот йўқ.

Ва яна илк қабул қачон бошланади, имтиҳонда қандай саволлар берилади, юридик соҳанинг қайси йўналишлари бўйича тайёрланади, булар ҳақида ҳам маълумотга эга эмасман.

Қисқа қилиб айтганда, “Ҳуқуқий ахборот” каналида берилган қисқа маълумотдан ташқари ҳеч нарсани билмайман. Қолганини расмийларнинг ўзлари айтишади. Кутиб туришни маслаҳат бераман.

Лекин масаланинг эътиборли томони шундаки, мазкур тайёрлаш курсида ўқимоқчи бўлганлар, асосий иш жойидан ишдан бўшашига тўғри келиши мумкин. Сабаби қарорда "асосий иш жойидан ажралган ҳолда" дейилган экан. Ўз ҳисобидан таътил олмоқчи бўлса ҳам Меҳнат кодекси бўйича максимум 3 ойгача мумкин. Бундан келиб чиқадики, ушбу курсда ўқимоқчи бўлганларни иш берувчи ишдан бўшатишга мажбур бўлиб қолади ёки атайин "бўшайсан" деб туриб олади.

Шунга аниқлик киритиб кетилса ёмон бўлмасди. Масалан, ишини ярим ставкага ўтказиб, куннинг биринчи ярмида ўқишда, иккинчи ярмида ишда бўлса, ёхуд агар ўқишлар кун давомида бўлса, унда кечки сменада ишласа мумкин бўладими ёки йўқми, мана шу масалаларга ҳам изоҳ бериб кетилса кўпчиликка фойдали бўларди. Чунки 6 ойлик ўқишни деб, асосий иш жойидан айрилиш керак бўлса, кўпчилик хоҳласа ҳам ўқий олмаслиги мумкин. Худо билади, ўқишни тугатиб қайтиб борса, яна қайта ишга олишадими, йўқми. Ҳеч ким бунга кафолат бермайдику.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

  • 👍 3
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek