Юнусобод метросидаги ҳалокат бўйича жиноят иши тугатилди
6 кишининг умрига зомин бўлган Юнусобод метроси қурилишидаги ҳалокат бўйича жиноят иши тугатилган, ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган
Ёдингизда бўлса, 1 йил олдин, аниқроғи 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Юнусобод метро линияси қурилиши участкасида фавқулодда ҳодиса рўй бериб, тупроқ кўчиши натижасида 6 киши вафот этганди. Ҳалок бўлганларнинг энг ёши каттаси 38 ёшда, энг ёши эса 20 ёшда эди.
Ўшанда тўрт оиланинг ҳар бирига 261 млн 938 минг 888 сўмдан ва яна бир оила учун — 281 млн 62 минг 782 сўм миқдорида бир марталик нафақа белгиланган эди.
Ва ўша куниёқ жиноят иши қўзғатилиб, 4 нафар кичик лавозимдаги ходимлар жиноят ишига жалб қилинганди. Уларга Жиноят кодексининг 2 та моддаси бўйича айб қўйилган: 257-моддаси 2- қисми «а» банди (Техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши одам ўлишига сабаб бўлса), 258-модда 2-қисми «а» банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса).
Аммо кейинчалик бу жиноят иши нима билан тугагани ҳақида ҳеч ким ҳеч қаерда хабар бермади. Балки масъулларнинг эсидан чиқиб қолгандир, балки бу арзимас маълумот деб ўйлашгандир.
Шу воқеага 1 йил тўлгани муносабати билан Газета.уз нашри Тошкент шаҳар прокуратурасига сўров юбориб, жавоб олибди.
Жавобда айтилишича, ушбу фавқулодда ҳолат бўйича очилган жиноят иши март ойидаёқ айблилик масаласини ҳал этмасдан тугатилган экан.
Прокуратура жиноят ишини тугатилишига қонуний асос сифатида қуйидагиларни келтирган:
1) қўйилган айблов унча оғир бўлмаган жиноятлар сирасига киради (максимум 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган);
2) жиноят эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлган;
3) гумон қилинаётганлар ўз айбига иқрор бўлишган;
4) етказилган зарарларни қоплашган (қурилишнинг ўпирилиши, фалокатнинг бартараф этилиши, ўша жойнинг қайта қурилишига давлатдан кетган зарар ҳам қопланганмикин?);
5) марҳумларнинг оилалари эътироз қилмаган (қандайин кечиримли халқимиз бор-а);
6) метро қуришга масъул бўлган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарувидаги мансабдор шахслар юқоридаги кичик лавозимдаги ходимларга ижобий тавсифнома берган.
Хуллас, мана шуларни инобатга олиб жиноят иши ЖПК 84-моддаси 5-қисм 2-бандига асосан (ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса) тугатилган. Яъни ким айбдор ёки айбдор эмаслиги ҳам кўриб чиқилмайдиган бўлган. Ва ўз-ўзидан бу ҳалокат бўйича ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.
Умуман олганда, барчаси қонунларимизга тўғри келяпти, бир қарашда ҳеч қандай ҳайрон қоладиган жойи йўқдек.
Лекин ҳар доим ҳам қонуний қарор, адолатли қарор бўлавермайди.
Кимларнингдир масъулиятсизлиги, бепарволиги, ўз ишини виждонан бажармаганининг ортидан 6 нафар гулдек йигитлар ўлиб кетсаю, ҳеч ким номига бўлса-да жавобгарликка тортилмаса, қурилишнинг тепасида турганлар истеъфога чиқарилмаса, аксинча уларга навбатдаги катта-катта объектлар қўш-қўллаб топширилса, жиноят ишлари ими-жимида тугатилиб кетаверса, шу адолатданми?
P.S.: Пастдаги суратда Юнусобод метросида ҳалок бўлган 6 нафар юртдошларимизнинг суратлари келтирилган. Дарё.уз нашри марҳумлар ҳақида яхши материал тайёрлаган эди. Фожиада ҳалок бўлган ака-укаларимизнинг жойлари жаннатдан бўлсин, илоҳим.
👉 @xushnudbek 👈
