Ёшлар қабул қилинаётган қонунлар ҳақида биладими

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

Ёшлар қабул қилинаётган қонунлар ҳақида биладими?

U-Report (Ю-Репорт) лойиҳаси ҳақида эшитганмисиз? Бу лойиҳа орқали ёшлар орасида турли мавзулар бўйича ижтимоий сўровномалар ўтказилади ва уларнинг фикрлари жамланади. Сўровномаларда қатнашиш учун @UreportUzbBot Телеграм ботига кириш кифоя.

Ўзбекистонда Ю-Репорт халқаро лойиҳаси ЮНИСЕФ, Ёшлар иттифоқи томонидан, Олий Мажлис Сенати ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаяпти.

Хуллас, шу лойиҳа Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ёшлар қай даражада қабул қилинаётган қонунлар ҳақида билишини тадқиқ қилиб кўрибди.

Сўровномаларда 3500 нафар иштирокчи қатнашган.

СЎРОВНИНГ АСОСИЙ ХУЛОСАЛАРИ:

1. Сўровда иштирок этган ёшларнинг 94% янги қонун ҳужжатлари ҳақида (ҳар доим, вақти-вақти билан ёки фақатгина уларга тегишли масалалар бўйича) маълумот олишга қизиқади.

2. Иштирокчилар томонидан қонунчилик ва янги қонунлардаги ўзгаришларнинг энг оммалашган манбалари деб Адлия вазирлигининг Телеграм каналлари (34%) ва Интернетдаги ОАВлар (22%) белгиланган.

3. Эркак респондентларнинг аксарияти Адлия вазирлиги ва LexUz (59%) расмий каналлари орқали янги қонунлар ҳақида маълумот олишни афзал кўрса, қизларнинг аксарияти эса (42%) ОАВлардан (интернетдаги ОАВ, телевидение, радио) маълумот олишар экан.

4. Турли ёш гуруҳлари янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида ўзига қулай турли хил ахборот манбаларини кўрсатди: 14 ёшлилар учун блогерлар (20%), 15-19 ёшдагилар - ўқув муассасалари (16%), 20 ёшдан юқори бўлганлар учун – Интернет нашрлари ва телевидение. «Ижтимоий тармоқлар» сўров иштирокчиларининг барча ёш гуруҳлари орасида энг оммабоп ахборот манбаси сифатида эътироф этилди.

5. Иштирокчиларнинг фикрига кўра, янги қонунлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этишнинг энг оммабоп 3 формати қуйидагилар: қисқача матнлар (45%), видеороликлар (31%) ва инфографика (жадваллар/расмлар) (19%).

6. Иштирокчиларнинг 62% "LexUz" ахборот-ҳуқуқий порталидан фойдаланишини айтиб ўтган. Шу билан бирга, эркаклар орасида иштирокчиларнинг фақат 29% порталдан фойдаланмаган, 4% эса бу нима эканлигини билмаслигини айтишди. Сўровнинг аёл иштирокчиларининг 41% эса порталдан фойдаланмаслигини, 11% LexUz ҳақида ҳеч нарса билишмаслигини айтган.

Ю-Репортёрлар қабул қилинаётган қонунчилик ташаббуслари ва ўзгаришлар ҳақида қаердан маълумот олишни исташади деган саволга қуйидаги жавоблар берилган:

1. Ижтимоий тармоқлар - 57%
2. Интернет нашрлар - 20%
3. ТВ - 10%
4. Таълим муассасаларида - 5%
5. Блогерлар - 3%
6. Мустақил равишда журналларда / брошюраларда ўқиш - 2%
7. Бошқа - 2%
8. Радио - 1%

Иштирокчилар Хушнудбек.уз каналини ҳам тилга олишибди, бундан бағоятда хурсандман ))

Сўровноманинг батафсил натижалари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

https://telegra.ph/Yoshlar-qabul-qilinayotgan-qonunlar-haqida-biladimi-Sorovnoma-natijalari-04-26

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek