Ёш оилалар учун уй расмийлаштиришдаги бюрократия ва божлар
Ёш оилаларни ўйлантираётган бюрократия ва давлат божи ҳақида
Бир муштарийдан қуйидагича мактуб келиб тушди:
«Ассалому алайкум.
Хушнудбек, бир масалада сиздан ёрдам сўраяпмиз. Хабарингиз бўлса керак, яқинда Тошкент шаҳридан 600 га яқин ёшларга Ёшлар иттифоқининг тавсияси асосида уй тақсимланди. Ҳозир уйни расмийлаштириш жараёни кетмоқда.
Биз юздан ортиқ ёшлар ишхона томонидан Тошкент шаҳрига доимий прописка қилингамиз. Лекин бунга ҳали уч йил тўлмаган. Расмийлаштириш жараёнида нотариус биздан умумий сумманинг 5% миқдорда давлат божи, туман ИИБ ва ишхонадан прописканинг ҳақиқийлиги ҳақида маълумотнома талаб қилмоқда. Шу тўғрими, сиз нима дейсиз бунга?
Паспортга урилган ИИБ печатига нотариус ишонмаганлиги учун ҳам ИИБдан яна қайта маълумотнома сўраяптими, ҳайрон қоляпмиз.»
Хўш, энг аввало саволларга жавоб берсам, кейин ўз шахсий фикримни айтаман.
Биринчидан, агар ходим прописка берилган ташкилотда 3 йилдан ортиқ ишлаётган бўлса, гарчи пропискага кирганига ҳали 3 йил бўлмаган бўлса ҳам, 5% лик давлат божини тўламайди. Шу сабабли нотариус ишхонадан маълумотнома сўрайди.
Агар ўша ташкилотда ишлаётганига ёки рўйхатнинг бошқа бандлари билан пропискага кирганига ҳали 3 йил тўлмаган бўлса, ҳақиқатдан гарчи пропискаси бўлса ҳам, уй нархининг 5%и миқдорида (масалан, 300 млн сўмлик уй бўлса, 15 млн сўм) давлат божи тўлаши керак. Чунки ўша инсон худди Тошкентда пропискаси йўқ шахс каби қабул қилинади.
Иккинчидан, яна бир кўпчиликни ўйлантирадиган ва амалиётда аниқ ечими йўқ бўлган савол бор. Масалан, фуқаро “А” номли давлат ташкилотида узоқ йиллар ишлаб, ўша ташкилотдан 2018 йилда 11-банд билан пропискага кирган, лекин яқинда “Б” давлат ташкилотига ишга ўтган, дейлик. Қонунчилик бўйича, агар “Б” давлат ташкилоти ҳам прописка бера оладиган “крутой” ҳамда “важный” ташкилотлар рўйхатида бўлса, унда фуқаронинг пропискаси “кўчиб ўтади”, у янгидан 11-банд билан прописка олишига ҳожат йўқ. Аммо уй олишда ушбу трансфер фуқаро зарарига ишлайди. Чунки у ҳозир ишлаётган “Б” ташкилотда ишлаётганига ҳали 3 йил бўлмади, пропискага кирганига ҳам 3 йил тўлмаган.
❗️Пост таҳрирланди (20:51)
Бундай вазиятда аввалги ишхонасидан (!) маълумотнома олиб борса, 5%лик давлат божи олинмаётган, балки оддий давлат божи қўлланаётган экан.
Учинчидан, паспорт столдан справка сўраш ҳам амалдаги йўриқномада мавжуд. Паспортда махсус штамп бўлса ҳам, алоҳида яна маълумотнома сўрашади. Ҳа, бу бюрократия, ҳа, бу ортиқча қоғозбозлик, лекин начора. Ҳозирча бундай оворагарчиликни бартараф этиш бўйича бирор чора ўйлашяптими ёки йўқ, менга қоронғу. Энг алам қиладигани, пропискасига 3 йил тўлмаганлар мана шунақа маълумотномаларни ҳам олиб келишади, яна қўшимчасига 15 млн сўм давлат божи ҳам тўлашга мажбур бўлади. Буниси ўлганнинг устига тепган каби, бўлмоқда.
Мана шунақа гаплар. Пост узун бўлиб кетмасин деб, уни иккига бўлишга мажбур бўлдим. Бироздан кейин беш фоизлик давлат божи ҳақида ўз шахсий фикрларим билан ўртоқлашаман. Каналимиздан узоқлашмай туринг.
👉 @xushnudbek 👈
