Yaxshi kadrlarni qadrlash kerak
Яхши кадрларни қадрлаш керак
Каналимда маълум бир шахслар ҳақида ёзишни унча хушламайман. Бу хоҳ мақтов, хоҳ танқид бўлсин, фарқи йўқ. Шахслар эмас, тизимлар ҳақида ёзиш керак, дейман. Аммо бугун истисно қилмоқчиман, рози бўласиз.
Давлат идораларининг юқори лавозимларига дунёқараши кенг, фикрлари теран ва замонавий мансабдорларнинг келиши мени доим хурсанд қилади. Фуқаролар кўплаб раҳбарлар билан шахсан таниш бўлмаса ҳам, ҳатто умрида бирор марта кўришмаган бўлса ҳам, лекин уларнинг очиқ мулоқотларда айтган фикрлари, ўзини тутиши ва ўзгалар билан муомаласига қараб, ўзининг дастлабки хулосасини чиқаради. Масалан, Марказий банк томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманидан кейин Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротовга бўлган ҳурматим каррасига ошган эди.
Ички ишлар органлари мутасаддилари билан бўлган матбуот анжуманидан кейин тайинланганига энди 1 ҳафта бўлган ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Шохрух Ғиясов ҳам ана шундай ҳурматга лойиқ инсон эканлигига гувоҳ бўлдим.
Тадбирда бу инсонни умримда биринчи марта кўрдим, бевосита суҳбат қилишга ҳам деярли имконимиз бўлмади. Аммо матбуот анжумани давомида ҳар бир масалага адекват баҳо бериши, вазиятга дипломатик ёндошиши, ташкилот имижини ҳимоя қилиш учун жон куйдириш билан бир қаторда, ёлғон сўзламаслиги ёки сўзлашга ҳаракат қилмаслиги ва барча учун очиқ эканлигини амалда кўрсата олиши, яна бир давлат ташкилотининг матбуот хизматига жуда яхши мутахассис келганини кўрсатиб турибди.
Бундай кадрларни қадрлаш керак. Чунки улар биз кутганчалик кўп эмас. Агар борларининг қадрига етмасак, кунимиз “кинначиларга” қолиб кетиши мумкин.
Ҳа, тўғри, кўнглингиздан нима хаёллар ўтаётганини биламан. Ҳалитдан мақташга эртадир. Бир киши бутун бошли ташкилотни очиқ ва шаффоф кўринишга келтира олмаслиги мумкин. Тизимнинг мураккаблиги ва тиш-тирноғигача бюрократияга ботганлиги бундай кадрларни “ютиб”, бира тўла “кўмиб” юбориши ҳам мумкин.
Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас, деган нақл бежизга эмас. Аммо ишонамиз ва умид қиламизки, яхшилар ўзларининг жамоасига бошқа яхшиларни олиб келади. Уларнинг сафи аста-секинлик билан кўпаяди.
Худди кичкина қор жамланмаси юмалаб, юмалаб катта уюмга айлангани каби (агар унгача эриб кетмаса).
Ёки кичкина учқун катта гулханга айлангани каби (агар унгача ўчиб қолмаса).
Аммо ҳозир бизда танлов имконияти йўқ. Биз мана шундай милтиллаган учқунларга ишонишни ўрганишимиз, ўзимизни мажбурлаб бўлса ҳам уларга оптимистроқ қарашни бошлашимиз керак. Дуч келганни ёмонлаб, ҳаммага ишончсизлик билан қараш бирор фойда олиб келмайди. Боз устига танқид қилиш ва тош отиш учун арзирли амалдорлар анчайин кўп, зерикиб қолмаймиз ))
Хуллас, Шохрух Ғиёсов сиймосида Ички ишлар вазирлигининг халққа очилиши, фаолиятининг шаффофлашиши ҳамда ОАВ билан дўстона ҳамкорлик ўрната олиши йўлида яхши сигнални кўрдим.
Ички ишлар органларига нисбатан халқимизнинг ишончи ва ҳурматини қайтариш йўлидаги машаққатли ишларида Шохрух ака ва унинг жамоасига омад ва зафарлар тилайман.
👉 @xushnudbek 👈

