Японияда мактаб ўқувчиларининг туристлар билан мулоқоти

Matn29-oktabr, 2019, 10:592 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Япон ўқувчилари ҳақида

Бугун Япониянинг тарихий пойтахти Камакура шаҳрига бордик. У ерда йирик Будда ҳайкали ўрнатилган экан (1-расм, расмлар бу ерда)

Бу манзилга мактаблардан жуда кўп ўқувчиларни экскурсияга олиб келишар экан. Экскурсияга келган ўқувчилар сариқ рангли бош кийим кийишлари шарт (2-расм). Ўқитувчиларининг қўлида эса байроқчалар бўларкан.

Яна бир қизиқ томони ўқувчиларга туристлар билан инглиз тилида суҳбат қилиш ва улардан кичик интервью олиш вазифаси берилган. Китобларида алоҳида шунақа топшириқ ҳам бор (3-расм).

Китобда ўқувчилар учун деярли ҳаммаси ёзилган, қандай саволлар бериш керак, жавобларни қаерга ёзиш керак ва ҳ.к. Mасалан, Сиз қайси давлатдансиз, мамлакатингиз нимаси билан машҳур, қайси япон миллий таомлари сизга ёқди каби.

Бу орқали улар ўқувчиларнинг инглиз тилига оид билимларини амалда синаб кўришга, муомала маданияти ва музокара одобини ўрганишга ундашади.

Япон ўқувчилари бизлардан ҳам интервью олишди (4-расм). Уларга Ўзбекистон давлати, Бухоро, Самарқанд каби тарихий шаҳарларимиз ва бошқа маълумотларни айтиб бердик. Охирида бизга имзо ҳам қўйдириб олишди :)

Эътиборли томони интервью охирида ўқувчилар албатта туристга совға беришар экан. Совғага ўзлари тайёрлаган кичкина эсдалик китобчалари беришяпти (5-7 расмлар).

Китобчада япон маданияти, урф-одатлари, таомлари ҳақида ёзиб чиқишган. Шу совға бериш одати баҳонасида иккита мақсадни кўзлашган: ҳам ёш ўқувчилар ўз маданияти ва миллий қадриятлари ҳақида маълумотга эга бўлади, ҳам буни туристларга тарғиб қилишади. Ва ўзи умуман хорижлик меҳмонларда катта ижобий таассурот ҳам қолади. Шунчаки қойил!

P.S.: япон ўқувчиларини кузата туриб, тарбияси, одоби, тартиби ва атрофдагиларга бўлган ҳурматига ҳавас қилдим. Жайдари тилда айтганда, “нима бериб боқишар экан”, деб ўйлаб қоласан киши...

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek