Хатолар ва узрнинг қиймати ҳақида фалсафий мулоҳазалар

Matn14-iyun, 2018, 16:463 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Хатолар ва узрнинг қиймати ҳақида

Одатда каналимда информатив кўринишда пост ёзардим, бугун бир фалсафа тўқимоқчиман, рози бўласизлар.

Японияда бўлган дўстим айтганди, агар икки япон бир-бирига урилиб кетса, иккаласи ҳам ўша заҳоти узр сўрайди. Ким айбдорлигидан қатъи назар.

Инсон борки хато қилади. Фақат Худоликка даъво қилганларгина хато қилмайман дейиш мумкин. Ҳар бир хато, ундан тўғри хулоса чиқара оладиган инсонлар учун жуда қимматли тажриба, билимдир.

Сўнгги ҳафтада кўпчиликка маълум бўлган 2 та хатога йўл қўйдим (Аллоҳга шукур, кўпчиликка маълум бўлмагани жуда кўп).

Бири раҳматли Анвар қори Турсуновнинг вафоти ҳақида бўлди, иккинчиси блогерлар чемпионати финали учун ёзилган блогпостимда Адлия вазирлиги билан боғлиқ эди.

Иккаласи учун ҳам ўша заҳоти узр сўрадим, ортиқча гапни чўзиб ўтирмадим. Иккала ҳолатда ҳам ўзим учун катта сабоқ чиқардим, хулоса қилдим. Бири блогерлик фаолиятимда хабарларни улашишда шошмасликни англаган бўлсам, иккинчисида ҳуқуқшунос сифатида ҳали кўп ўқишим кераклиги, Адлия вазирлиги сингари забардаст ташкилотлардан шубҳа қилишдан олдин, етарли тажрибага эга бўлишим лозимгини англадим. Яхши ҳаётий тажриба, тўғрими?

Айримлар рейтингинг тушди, дейишмоқда. Қанақа рейтинг? Тушмасдан олдин бормиди? Ахир ҳаётда фақат рейтинг учун яшашмаймизку. Асосийси халқни олдида шарманда бўлишдан, ўзи асрасин.

Хорижда бирор хато учун узр сўраш жуда кенг тарқалган амалиёт. Энг йирик компаниялар президентларию, йирик менеджерлари билан бирга омма олдида узр сўрашганини кўп кўрганмиз. Давлат раҳбарларидан тортиб, маълум соҳа учун масъул бўлган амалдорлар ҳам бирор хатолик учун халқ олдида кечирим сўрайди. Бу ҳайрон қоларли ёки оламшумул воқеа эмас аслида.

Нормал жамиятда шунақа. Бир томон фикр айтади, нариги томон унинг асосли ёки асосли эмаслиги тўғрисида изоҳ беради. Биринчи томон агар тўғри бўлса изоҳни қабул қилади. Шу билан масала ёпилади, кейинги муаммоларга ўтиб кетишади.

Ўзбек халқида “Эгилган бошни қилич кесмайди” деган мақол бўлса ҳам, бироқ жамиятимиз хатоси учун узр сўрайдиганларни кўп ҳам илиқ қабул қилмайди. Балки бунга сабаб узрлар чин дилдан сўралмаслигидамикин, ёки одамларимиз бетоқат бўлиб кетишаётганлигидамикин, аниқ билмадим.

Шу сабабли ҳам “Оқтепа-лаваш”нинг қилган иши биз учун жуда ғайритабиий бўлиб кўринди. Диана воқеасида эса шахсан Президент назоратга олгандан кейингина амалдорлар узр сўрашди, унгача инкор қилишди.

Ёки «кортеж» масаласида ҳам кўпчилик вақтида узр сўралганда вазият юмшарди, дейишди. Бўлмаган гап, шахсан мен бунга ишонмайман. Аксинча, бизнинг жамиятда одатда узр сўраш, ўз айбини тан олиш навбатдаги муаммоларни келтириб чиқаради. Бунга шундай муносабат қилишадики, енгилидан тортиб токи “Қилар ишни қилиб қўйиб, энди узр сўрашиничи?”, “Ҳайитдан кейин...”, “Узрингни пишириб е” каби ҳақоратларгача бориб етади. Шу сабабли ҳам бизда имкон қадар узр сўрамасликка, шунчаки лойқа сув тингунгача жимгина кутишга ҳаракат қилишади. Қайнаб турган оламон олдига бўйнини эгиб чиқса, баттар ерга уриб ташлашларини билишади. Бунақа бўлмаслик керакда лекин.

Буни танамда ҳис қилдим. Аввал айтганимдай, раҳматли қори аканинг вафоти ҳақида масжидда бир инсон эълон қилган. Бутун жамоат имом билан қўшилиб ҳақларига дуо қилган. Шундан сўнг интернетда юзлаб инсонлар бу ҳақида ёзишган. Мен ҳам айнан ўша намозда бевосита ўзи гувоҳ бўлган инсонга телефон қилиб, вазиятни сўраб, кейин ёздим. Бироқ хабар нотўғрилиги маълум бўлгач, деярли ҳамма ўчирди. Мен ҳам ўчирдим. Бироқ барча тош мен томонга отилди. Худдики ҳаммасини мен ўйлаб топган бўлиб қолдим. Нега?

Чунки қилган ишимдан қўрқиб кетиб тавба аралаш, ўша заҳоти узр сўрадим. Арафа кунида айтаманки, одамлардан қўрққанимдан эмас, Аллоҳдан қўрққанимдан гуноҳ қилиб қўйдим деган фикрда тезда кескин узрнома ёздим. Сал виждоним қийналганини енгиллатиш учун.

Энг қизиғи, айнан мана шу узрим сабаб роса интернетда мени муҳокама қилишди. Шунчаки хабарни ўчириб, ҳеч нарса бўлмагандай кетаверганимда, шунча гап йўқ эди. Қалампир.уз сайти эринмасдан расмларимни қўйиб чиқарди. Ҳаммаси фақат узрнинг ортидан эди.

  • 👎 1
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek