Uzbekistan Airways каби корхоналарнинг жамият учун зарари
Иқтисодий дарс: «Uzbekistan Airways» каби корхоналарнинг жамият учун зарари аслида биз кўриб турганимиздан каттароқ
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг ўз каналида ёзган постини Сизга ҳам илиндим, албатта ўқиб чиқишингиз керак:
«Кўрган бўлсангиз керак, яқинда энг кўп зарар кўрган корхоналар рўйхати эълон қилинди. Бу рўйхатни кўриб, давлат тасарруфидаги корхоналарга нисбатан нотўғри хулоса қилиш мумкин. Масалан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» 755 миллиард сўм зарар кўргани ҳақидаги маълумотни эшитиб, шу корхона «солиқ тўловчиларга ва Ўзбекистон иқтисодиётига атиги 755 миллиард зарар келтирмоқда» деган янглиш хулоса қилиб қўйиш эҳтимоли бор.
Аслини олсак, давлат корхоналари ва давлатнинг кучидан фойдаланадиган ҳолда рақобатни чеклайдиган хусусий корхоналарнинг жамиятга ва иқтисодиётга зарари, соф «бухгалтерлик зарар»дан анча кўпроқ. Бу ерда мен шартли авиакомпания барча солиқлардан озод қилингани, ёки 2020 йилдаги иқтисодий инқироз пайтида биринчилардан солиқ тўловчилар ҳисобидан қутқарилганини айтмоқчи эмасман. Мен иқтисодий шикаст ҳақида айтмоқчиман.
Келинг, шартли равишда авиақатновларни олайлик. Давлат корхонаси манфаатларидан келиб чиқилган ҳолда, рақобат сунъий равишда чекланишини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу дегани авиа бозоридаги рақобатни сунъий чекланганлиги туфайли — қимматроқ нархда билет олишга мажбурмиз (қандай қилиб чеклашлари алоҳида мавзу). Буни билиш учун, қўшни мамлакатлар ёки бошқа чет эл мамлакатларидаги чипта нархларини кўрсангиз ҳам бўлади.
Дейлик, шу рақобатни чекловчи сабаблар туфайли, бизда билетлар ўртача $100 қимматроқ. Яъни агар очиқ бозор бўлганида, биздаги ўртача билетлар нархи $100 га арзонроқ бўлар эди, дея фараз қилиб кўрайлик. Албатта бу рақам гипотетик ва ўта консерватив.
Энди, бизда 5,8 миллионта билет сотилади, деб фараз қилсак (2019), жамиятга корхонанинг биринчи даражали соф иқтисодий зарари — 580 млн доллар бўлади. Бу бутун мамлакат бюджетининг салкам 5%и атрофида. Ва бу рақам атиги биринчи даражали соф иқтисодий зарари эди. Яъни биз, ҳар бир одам қимматроқ нархда билет олаётганлигининг соф зарарини ҳисобладик холос.
Яна камида уч турдаги зарар бор:
1) билет ола олмаган одамлар;
2) билет олмаганликни ташқи таъсирлари (externality);
3) альтернатив харажатлар (opportunity cost).
Билет ола олмаганлар зарари. Албатта Ўзбекистон бой мамлакат эмас, лекин оддий ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, биздек даромадларга эга бўлган мамлакатларда киши бошига учиш сони биздан ўртача 1,5 баробар кўпроқ. Қўшни Қирғизистонда, киши бошига билетлар сони биздан анча катта: бизда 0.17, уларда 0.57 (2019 йил маълумотлари). Яъни агар Ўзбекистонда қатновлар сони ҳеч бўлмаса Қирғизистон даражасида бўлганида бизда 5,8 миллионта эмас, салкам 19 миллионта билет сотилиши керак эди. Яъни давлат рақобатни чеклаши натижасида, консерватив ҳисобласак, 13 миллиондан кўпроқ парвозлар амалга ошмаяпти. Қайтараман, мен Қирғизистон билан солиштирдим, Норвегия билан эмас. Бу содир бўлмаган парвозларнинг қанчаси албатта соф зарар, лекин ташқи таъсирлар ҳам бор, шу содир этилмаган парвозларда келмаган туристлар, тузилмаган битимлар ва ҳоказолар ётибди. Булар ҳам анча катта рақамлар.
Хулоса шуки, рақобатни чеклаб давлат корхоналарини парвариш қилишимиз оқибатида, улар нафақат соф бухгалтерлик зарар кўришади, балки жамиятга ниҳоятда катта иқтисодий шикаст кўрсатишади. Масалани шу қийинлаштирадики, бухгалтерлик зарарини кўра оламиз, ҳозиргидек «755 миллиардгина» дея оламиз, лекин асл иқтисодий шикасти бизга кўринмайди. Лекин бундай зарар йўқ дегани эмас.
Яна бир нарса: давлат корхонаси 100% рентабеллик кўрсатиб, мутлақ фойда қилаётган бўлса ҳам, бу корхона жамият учун фойда дегани эмас. Чунки агар фойдасининг механизми ва илдизи рақобатни чеклаш натижасида кўрилган бўлса, ҳар доим иқтисодиёт учун зарари, фойдасидан каттароқ бўлади.
Шунинг учун фойда қиладиган, лекин рақобатни чеклайдиган аксар давлат корхоналари ва айрим сиёсий кучга эга бўлган хусусий корхоналар ҳам, гарчи қоғозда фойда кўрса ҳам, жамият учун қип-қизил зарарлигича қолади».
Пост тугади.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1


