Тошкентда UzAuto Motors Trade-In маркази очилди
Кеча Тошкентдаги UzAuto Motors Service & Trade-In Center очилиш маросимида қатнашдим. Тадбир кўтаринки руҳда ўтди. Ташкилотчиларнинг омади келган жойи шундаки, лойиҳанинг ўзи мазмунан Ўзбекистон учун янгилик эди. Шу сабабли ҳам қизиқиш катта бўлди, менимча.
Trade-In Center қандай марказ?
Сиз бу марказга келиб, эски машинангизни топшириб, устига пул қўшиб, янги машина миниб кетишингиз мумкин. Бунда қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш жоиз:
👉 тушунишимча, эски машинангизни янгисига алмаштириш тартиби қуйидагича бўлади:
1) эски машинангиз билан марказга борасиз. Сизни кутиб олишади ва машинангизни аввал яхшилаб ювишади;
2) шундан сўнг мутахассислар машинангизни дастлабки кўрикдан ўтказишади ва баҳолайди. Айтишларича, эски машинага қўйиладиган баҳо кўча нархидан кўп ҳам фарқ қилмас экан. Аҳамиятли томони марказда бир нечта дилерлар эски машиналарни сотиб олиши мумкин, шу сабабли улар орасида ўзаро рақобат ҳам бўлади ва бундан аввало мижоз ютади;
3) агар сиз айтилган нархга рози бўлсангиз, унда кейинги жараёнлар бошланади. Машинангиз тўлиқ техник кўрикдан ўтказилади. Агар маълум бир жиҳозларни алмаштириш керак бўлса, алмаштирилади. Бўяш керак бўлса, бўялади. Тузатиш керак бўлса, тузатилади;
3) барча жараёнлар якунлангач, расмийлаштириш босқичига ўтилади. Қулайлик яратиш учун марказда нотариус ҳамда ЙҲХДХ органларидан вакиллар бўлади;
4) Мижоз орадаги фарқни тўлагач, эски машина билан бир вақтда янги олинаётган машина учун ҳам олди-сотди шартномалари имзоланади. Бунда юрилган автомобилнинг қиймати янги автотранспорт воситаси учун тўловдан айириб ташланади;
5) тахминан 3 соатлар ичида (бу эски машинага кетадиган техник хизмат кўрсатиш вақтига боғлиқ) мижоз юрилган машинасини топшириб, ўрнига янги машинани миниб кетиши мумкин бўлади.
👉 марказда ўзгалар топшириб кетган эски машиналарни арзонроққа сотиб олиш ҳам мумкин бўлади. Бунда бозордан асосий фарқи юрган машинанинг юридик “тоза”лиги ва “касаллик тарихи” ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин бўлади;
👉 марказда таъмирлаш ва бўяш ангарлари ҳам бўлиб, улар замонавий жиҳозлар билан таъминланган;
👉 эҳтиёт қисмлари дўкони ҳам ишлаб турибди. Ушбу дўкондан UzAuto Motors машиналарига тегишли “заводской” эҳтиёт қисмларни бирмунча арзонроққа сотиб олиш мумкин;
👉 яна бир ўзига хос томони, бу ерда автотюнинг маркази ҳам ишламоқда. Машинасини давлат стандартига мос равишда тюнинг қилишни истаганлар учун айни муддао бу;
👉 trade-in.uz сайти ишга туширилган, унда мижоз дилерларда сотувга қўйилган минилган автомобилларнинг айни кундаги нархини билиши, хизмат ҳақида батафсил ахборот олиш мумкин. Шунингдек, сайтда автомобиль нархи калькулятори бор, у онлайн режимида мижозга минилган автомобилнинг тахминий нархини аниқлаб беради;
👉 техник жараёнлар вақтида мижозлар зерикиб қолмаслиги учун бепул кофе берилади, болалар майдончаси, бильярд ва PlayStation маркази ҳам ишлаб турибди. Шунингдек, юзлаб велосипедлардан бирини олиб, сайр қилиш мумкин. Буларнинг барчаси текин;
👉 ташкилотчиларнинг айтишича, яқин орада марказ янада кенгаяр экан. Унинг ёнидан жуда катта майдонда коворкинг маркази, 3D лаборатория, дастурчилар учун ўқув марказлари ташкил қилиш режалаштирилаётган экан. Булар ҳам мутлақо текин фаолият юритади, дейишди.
Умуман олганда, таассуротлар ижобий. Шу каби марказларни ҳар бир ҳудудда ташкил қилиш керак. Бундан ташқари ҳали тизим тўлиқ ишга тушмагани учун, унинг камчиликлари ҳақида бирор нарса дейиш қийин, вақт ўтиши билан изига тушиб кетади, деган умиддамиз.
Яхши янгиликлар кўпаяверсин.
UzAuto Motors Service & Trade-In Center манзили: Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Элбек кўчаси, 61 уй (мўлжал: “Дўстлик” метро бекати).


