Togri.uz сайти ўз фаолиятини тўхтатди

Matn14-oktabr, 2019, 21:512 daqiqa0 koʻrish

​​Togri.uz сайтининг ёпилиши ҳақида

Бугун маълум қилинишича, электрон ОАВлардан бири бўлган «Togri.uz» сайти ўз фаолиятини тўхтатган. Аниқроғи ҳомийлар томонидан лойиҳани молиялаштириш тўхтатилган.

Ҳали юртимиздаги ахборот макони керакли даражага етиб улгурмаган бир пайтда, янгича ёндошув билан эндигина иш бошлаган сайтнинг ёпилиши албатта одамнинг дилини хира қилади.

«Togri.uz» сайти креативлиги билан бошиданоқ мени ҳайратда қолдирганди. Лойиҳанинг очилиш маросими учун ўзгача услубда таклифнома беришганди. Таклифнома мажозий маънода газета кўринишида эди. Худдики атайин менга атаб чиқарилган газетага ўхшатиб, фотосуратларим билан тайёрлашганди (сурат пастда).

Сайтнинг иш фаолияти ҳам ёмон бошланмади, айниқса халқ орасида ўтказаётган видеосўровномалари менга ёқарди. Иқтидорли журналистлардан яхши жамоа йиғишаётган эди.

Аммо ҳомийлар ким бўлса ҳам, пул уларники, истаса маблағ ажратади, истамаса йўқ. Аслида бунақа лойиҳаларни бошлашдан олдин ҳомийлар билан муносабатларни пухта ҳужжатлаштириб қўйиш керак. Яъни маълум бир давргача (масалан, 1 ёки 2 йил) ҳомийлик маблағлари ажратиш мажбуриятини юклайдиган шартнома тузиб қўйиш мақсадга мувофиқ. Йўқса мана шундай 3 ойдан кейин қўл силтаб, ташлаб кетишлари мумкин.

Аммо билишимча, «Togri.uz» сайтининг лицензияси ҳалиям ўз кучида, шунчаки энди ҳомийлик маблағи келмайди холос. Бу ҳолат мажбурий обунадан мосуво бўлган газеталарникига жуда ўхшаш. Демак, сайт ўзини-ўзи молиялаштириш йўлига ўтиши керак. Албатта бу осон бўлмайди, аввало штатлар қисқаради, харажатлар минимумга туширилади, рекламадан пул топишга катта урғу берилади. Сайтга ташриф буюрувчилар, ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сонини ошириш керак бўлади.

Ҳозирги шароитда бу унчалик осон иш эмас. Масалан, Turon24 ёпилгач, ундаги бир гуруҳ журналистлар мустақил Minbar.uz лойиҳасига асос солишганди. Бироқ, маълумотларга қараганда, ушбу лойиҳа ҳам молиявий қийинчиликлар туфайли бироз муддат танаффусга чиққан. «Togri.uz» сайтини ҳам шу қисмат кутаётган бўлиши мумкин, лекин бир марта уриниб кўриш керакдир балки.

Ўзи шунақа пайтларда ОАВлар ёпилиб кетмаслиги учун маълум муддатга ссуда ёки грантлар ажратадиган фондга эҳтиёж бор. Яъни қийин вазиятда ОАВларни маблағ билан таъминлаб, уларни оёққа туриб олишига кўмаклашиш керак.

Ёхуд ОАВлар ўзаро «қора касса» шакллантирса ҳам бўлади. Ҳар ой «қора касса»га аъзо ОАВлар кичикроқ бўлса-да бадал тўлаб боради, кассада йиғилган пуллар зарур ҳолларда мана шундай лойиҳаларни сақлаб қолиш учун ишлатилади. Бошқача айтганда журналистик бирдамликни таъминлаш фақат гапда ёки оғизда эмас, моддий томондан ҳам бўлиши мумкин.

Балки адашаётгандирман, шунчаки фикрда бу ҳам...

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek