Талабаларнинг мустақил ташаббуслари ва лойиҳалари

Matn17-oktabr, 2019, 19:411 daqiqa0 koʻrish

​​Ташаббускор талабалар

Бугун Тошкент давлат юридик университетига ”TEDxTSUL” лойиҳаси доирасида Алишер Саъдуллаев билан биргаликда спикер сифатида чақиришганди. Учрашувга бунча кўп талабалар келишини кутмагандим, рости.

Яна бир нарса қувонарли. Яқинда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида талабалар уюшмаси ташкил қилган ”The Chance” республика ёшлари форумида қатнашгандим. Бутун бошли форумни талабалар ўзлари уюштирганди. Бугунги “TEDxTSUL” тадбири ҳам талабаларнинг ташаббуси билан бўлиб ўтмоқда. Яъни иккала тадбирда ҳам ОТМ маъмурияти деярли аралашмаган.

Бу жуда яхши. Ишонаманки, қолган ОТМларда ҳам талабаларнинг мустақил жамиятлари, фаол гуруҳлари, ташаббускорлари дарсдан ташқари вақтларда турли тадбирлар уюштиришмоқда.

Талабалар ОТМ маъмуриятидан мустақил равишда янги лойиҳалар, ғоялар, эксприментлар қилиб кўриши керак. Бирлашиши, жамоа бўлиб ишлашга ҳаракат қилиши лозим.

“Қачон дарсим тугаркин, тезроқ уйга кетсам, бориб ухласам” деган талабалар ҳам бўлади. Унақалар доим бўлган ва яна бўлишда давом этади. Аммо бу ҳамма талабалар бефарқ ва лоқайд бўлиши керак, дегани эмас.

Интилиб яшанглар, ташаббускор бўлиб ўқинглар! Сизларга олийгоҳингизда янги тадбир, янги лойиҳа қилишга ким ёки нима халақит бермоқда? Эртагаёқ ўз ғоянгизни амалга ошириш учун киришинг, ўзингизга ҳамкор ва ҳаммаслаклар топинг. Талабалик ҳаётини қайноқ ва қувноқ қила олиш фақат ўз қўлингизда.

Талабалар, олға!

Изоҳ: юқоридаги суратлар “TEDxTSUL” тадбиридан, пастдаги суратлар “The Chance” форумидан.

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek