Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқишнинг янги тизими

Matn15-may, 2019, 14:562 daqiqa0 koʻrish

Мурожаатларнинг сарсон бўлиши ҳақида

Бугун «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони эълон қилинди.

Фармонга кўра, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этиладиган бўлди.

Эндиликда Бош вазир мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади.

Ҳужжатда яна кўп яхши жиҳатлар тилга олинган, масалан, тадбиркорларга мўлжалланган “business.gov.uz” ягона интерактив портали ишлаб чиқиладиган бўлибди ва ҳ.к. Айниқса тадбиркорларга танишиб чиқишни маслаҳат бераман.

Шунингдек, фармонда “қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз топшириш тақиқланади” дея белгиланган.

Эътиборимни тортган жойи, аксарият ОАВлар фармоннинг айни шу қисмини муҳим янгилик сифатида сарлавҳаларга чиқармоқда.

Аслида бу ҳеч ҳам алоҳида муҳим янгилик эмас. Ўзбекистонда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун бор. Бу – қонун!

Унинг 25-бандида қуйидагича қоида белгиланган:
«Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади».

У хоҳ тадбиркор бўлсин, хоҳ ҳеч қаерда ишламайдиган бекорчи бўлсин, фарқи йўқ, ҳеч кимнинг мурожаати қуйига, яъни устидан шикоят қилинаётган ташкилотга ёки мансабдор шахсга юборилиши мумкин эмас. Тамом.

Аммо амалда қандай? Тумандаги раҳбарнинг устидан арз қилиб республикага ёзсангиз, мурожаатингизни республика вилоятга, вилоят яна ўша тумандаги ташкилотнинг ўзига "адолатли ўрганиб, ҳал қилиш учун" қайтариб жўнатади. Қарабсизки, тақдирингиз яна ўша золимнинг қўлида қолади.

Буни раҳбарлар ҳам яхши билади. “Қаерга ёзсанг, ёзавер, барибир шикоятинг ўзимга қайтиб келади, ўшанда кунингни кўрсатаман” деган кайфиятда юришади.

Ёки мурожаатингиз камида Тошкент шаҳар ва Миробод тумани ҳокимликлари орасида мана бундай “копток” бўлгани каби сарсон бўлади.

Аслида Американи қайта кашф қилиш шарт эмас, шунчаки қонунларимизда ёзилган қоидаларга қатъий амал қилсак бўлди, уларда деярли ҳамма ажойиб қоидалар ёзиб қўйилган аллақачон.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek