Солиқ тўловчиларнинг қадри ва Hidden Figures фильми
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganСолиқ тўловчиларнинг қадри
Дам олиш кунида бир фильм кўрдим - Hidden Figures (Скрытые фигуры). Ажойиб! Ўзи ҳаётий воқеаларга асосланган фильмларни кўрсам мазза қиламан.
Ўтган асрнинг 60-йилларидаги АҚШ ҳамда СССР ўртасидаги космик пойгалар ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу фильм, шунингдек АҚШдаги ирқчилик кайфиятини ҳам таъсирли кўрсатиб бера олган. Голливуд, барибир Голливуд-да!
Фильмни кўра туриб, бир эпизодга аҳамият бердим. NASA коинотни забт этиш бўйича жуда катта лойиҳаларни амалга ошираётган эди. Ана шундай лойиҳалардан бирида 1961 йил 21 июль куни фазогир Гас Гриссом «Меркурий-Редстоун-4» космик кемасида суборбитал парвозни амалга оширади. Парвоз деярли муваффақиятли амалга ошади, фақат қўниш чоғидаги техник носозлик туфайли космик капсула Атлантика океанига чўкиб кетади. Космонавтнинг ўзини вертолётда қутқариб олишади.
Шу воқеадан сўнг NASA'даги лойиҳа раҳбарларига нисбатан иш очилади ва сенаторлар очиқ мажлисда шу лойиҳага масъул раҳбарларни «Солиқ тўловчиларнинг пуллари сизларнинг космик капсулангиз билан бирга океан тубига чўкиб кетди-ку» дея сўроққа тутади.
Қадриятни қаранг. «Давлатнинг пули, бюджетнинг пули» эмас, айнан солиқ тўловчиларнинг пулларини исроф қилдинглар, энди бунга жавоб беринглар, дейишяпти. Боз устига гап кичик ёки аҳамиятсиз лойиҳалар устида эмас, космосни ким биринчи бўлиб эгаллаш каби оламшумул вазифа устида бораётган эди. Яъни бундай лойиҳаларда миллиардлаб маблағ сарфланиши нормал ҳолат бўлса-да, улар барибир «солиқ тўловчиларнинг пуллари океанга тубига чўкиб кетди», дея эътироз билдиришмоқда.
Жамиятда солиқ тўловчилар мана шундай қадрланиши, улар олдида тўлиқ ҳисобдорлик ҳисси шаклланиши керак.
Ўзбекистонда ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган ёки шошмашошарлик билан бошланиб, ярмида тўхтатиб қўйилиши натижасида солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб пуллари ҳавога совурилган лойиҳа ташаббускорларини ҳам шунақа сўроққа тутиш бошланса борми, эҳҳеее...
Яқин йилларда бизда ҳам шунақа бўлармикин-а?!
👉 @xushnudbek 👈


