Сиёсий дебатлар ва партиялар танқиди тарихи

Matn20-dekabr, 2019, 16:462 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Бир дебат тарихи

2014 йилги сайловлардан олдинги дебатларда ЎзЛиДеП партиясига “Нима учун партия сайловдан олдинги ваъдаларини бажармади?” дея савол бергандим. Видеосини қуйидаги ҳавола орқали YouTube орқали кўришингиз мумкин.

Дебатдан кейин "катта акахонларнинг" кўпчилиги, “Президент сайланган партияга бунақа савол бериб бўлмайди, бу билан сен Президентни ҳам ваъдабозга чиқариб қўйдинг, энди ўзингга ёмон бўлади” деб роса қўрқитишган (у пайтларда бундай талқин жуда қўрқинчли эди ҳар ҳолда).

Бахтли тасодиф туфайлимикин, менга ҳеч қандай ёмонлик бўлмаган, Худога шукр.

Бахтли тасодиф деганимнинг сабаби, бизнинг дебат сайловдан олдинги энг охирги дебат эди. Унгача бўлган дебатлар раҳматли Биринчи Президентимизга ёқмаган, “нега танқид йўқ, фақат қуруқ гаплар” дея масъулларга дакки берган. Шу сабабли бизнинг дебат съёмкасига Президент Девонидан бир нечта вакиллар ҳамда шахсан MTРК раиси Aлишер Ходжаевнинг ўзи келганди. Улар бизга “Бемалол танқид қилаверинглар, чиқарамиз, шунақа топшириқ бўлди” дейишган. Ва ростдан дебатда айтилган барча гапларни деярли кесмасдан эфирга беришган.

Шу сабабли бўлса керак танқидлар ҳам экран юзини кўрган ва танқид айтганларга ҳам кейинчалик ёмонлик қилишмаган.

Хайриятки, ҳозир ҳолат кескин ўзгарган. Партия вакиллари сиёсий дебатларда бир-бирини ёки Президент сайланган партияни танқид қилишга рухсат олиш учун Девондан вакил кутишмаяпти, MTРК раиси тепасида турмаяпти, партиялар турли мавзуларда ўз позициясини билдириш учун тегишли идоралар билан олдиндан келишмаяпти (менимча шунақа), партия раислари айрим қонунларни қўрқмасдан “Конституцияга зид” деб баралла айтишяпти…

Дебатлар эркинроқ бўлгани учун ҳам сиёсий жараёнларга тайёр бўлмаган инсонлар томонидан баъзан "қовун туширишларни" ҳам кўряпмиз, бу ҳам табиий ҳол, менимча.

Хуллас, аҳвол анча яхши. ИМҲО.

P.S.: ўзи партияларга, депутатларга тез-тез ваъдалари ҳақида эслатиб туриш, улардан ҳисобот талаб қилиш керак. Аслида халқ бундай ҳисоботни мансабдорларининг барчасидан, давлат раҳбаридан тортиб, қуйи ҳокимларгача, Бош вазирдан тортиб, вазирларгача, талаб қилишга ҳақли.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek