Давлат ташкилотлари ва ОАВ ўртасидаги суд тортишувлари
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganИккинчи ва тўртинчи ҳокимиятнинг учинчи ҳокимиятдаги тортишуви ҳақида
Оммавий ахборот воситаси дахлсиз эмас. Бирорта миллий қонунда ёки халқаро ҳужжатда давлат ташкилоти ОАВни судга бериши мумкин эмас, деган жойи йўқ. Буни журналистларнинг ўзи «сўз эркинлигига қарши курашиш» деб бўрттириб қабул қилишади кўпинча.
Агар ОАВ тегишли қонунчиликни бузса, ахборот тарқатишдаги қонун билан белгиланган мажбуриятларини бажармаса, уни ҳам судга бериш мумкин.
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддасига кўра, юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.
ОАВ раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Қолган гапларни эса кеча гапириб ўтдим, давлат ташкилоти дарров судга югурмасдан, аввало раддия бериши керак. Судга эса ўта фавқулодда вазиятлардагина мурожаат қилиш сал мантиқий қарор бўлади.
Бундан ташқари халқ пулидан фаолият юритадиган давлат ташкилоти ОАВдан бир неча юз миллион сўм талаб қилиши ҳам ўта кулгили.
Хорижда (хусусан, АҚШда) давлат ташкилоти ОАВни камдан кам судга беришининг асосий сабаби, одатда улар судда ютиб чиқа олмайди. Агар мабодо ОАВда бирор фактни нотўғри ёзишган бўлса ҳам, судлар «давлат ташкилоти жамоатчиликни етарли маълумотлар билан таъминламагани учун ҳам мана шундай мақола чиқишига сабаб бўлган» деган хулосани беришади. Яъни очиқлик ва шаффофликни таъминламагансан, дея айбни давлат ташкилотининг ўзига ағдаради кўпинча. Шуни билгани учун ҳам давлат ташкилотлари ОАВ билан судлашиб ўтирмайди.
Хулоса қилсам, менимча, хорижда ҳам давлат ташкилоти ОАВни судга бериши фожиа сифатида қаралмайди, аммо ОАВнинг давлат ташкилотидан судда ютқазиши ҳақиқий шов-шув ва фожиага айланади.
Кеча ёзганимдек, одатда давлат ташкилотлари эмас, балки унинг раҳбарлари жисмоний шахс сифатида шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиб ОАВни судга беради. Масалан, Украина Президенти Петр Порошенко туҳмат учун BBC нашрини Лондон олий судига берган ва ютиб чиққан. BBC эса ўз сайти орқали узр сўраб чиққан ҳамда Порошенкога 160 минг фунт стерлинг компенсация тўлаган. Лекин муҳим томони Порошенко давлат раҳбари сифатида эмас, жисмоний шахс сифатида судга берган эди.
Бизни ақлли деб ҳисоблаётган журналистларга раҳмат.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1



