Сирдарёликларга уй қуришда ёрдам бериш таклифи
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganСирдарёликларга ўзгача ёрдам бериш бўйича таклиф берилмоқда. Сиз бунга нима дейсиз?
Ҳозир эвакуацияга олинган юртдошларимизга бутун халқ оёққа туриб озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа ижтимоий ёрдамларини етказиб бермоқда.
Одамлардан шу даражада кўп ёрдам келаётганидан ҳаттоки Тошкент шаҳар ҳокимлиги юборилаётган ёрдам ҳажми керагидан ошиб кетганини ва ёрдамларни ҳозирча тўхтатиб туришни сўради.
«Эҳтиёждан ортиқча маҳсулотлар тўпланиши исрофгарчиликка сабаб бўлмоқда», дейилади хабарларда.
❗️Бу ҳам халқимизнинг қай даражада саховатпеша ва бағрикенг эканлигига далолат.
Демак, ҳозир сирдарёликлар учун озиқ-овқат ва кийим-кечакка эҳтиёжи қолмаган. Аммо уларни олдидаги энг катта муаммо бу жуда кўпчилик аҳоли уй-жойсиз қолгани ёки ҳозирги уйларда яшаш уларнинг ҳаёти учун хавфли эканлиги.
Демак, уларга янги уй қуриб бериш керак. Давлат албатта аҳолини уй билан таъминлашни ўз зиммасига олиши керак.
Аммо мана шундай синовли пайтда, пандемия шароитида кенг жамоатчилик ҳам уй қуришга ёрдам берса, жуда бир савобли иш бўлар эди, менимча.
Шу ўринда дўстларимиз Нодирхўжа Юлдашев ҳамда Абдураҳмон Фозиловлар бир қизиқ таклиф билан чиқишибди. Яъни 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин пойтахтда турли шаҳарлар номи билан кўп қаватли уйлар қурилган. Чунки ўша уйни номи зикр этилган шаҳар аҳолиси қуриб берган ёки ёрдамлашган.
Шундан келиб чиқиб, Нодирхўжа Юлдашев қуйидагича таклиф бермоқда:
«Нима учун Сардобада, ҳар бир вилоят ўз ҳудудларини яратмасинлар? Дейлик 1000 нафарга яқин аҳоли яшайдиган ҳудудни Тошкент обод қилади, буёғига иссиқ кунлар келяпти. Ҳашарга борамиз, керак бўлса, лашкар тортиб борамиз, агар ростдан ҳам Тошкент шу ишга бош-қош бўлса. Худди шундай битта ҳудудни Наманган, биттасини Фарғона обод қилса. Битта туманда 14та ҳудуд номи билан аталган кўчалар пайдо бўлади. Менимча чиройли чиқади. Ҳар бир ҳудуд ўзи барпо этган хўжалигига, ўз вилоятини эслатиб турадиган эсдалик белгисини ўрнатади. Фарғона каналини 40 кун ичида қурган ўзбек халқи, битта туманни обод қилиб юборишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади».
Бу таклифга Абдураҳмон Фозилов ҳам қўшилган ҳолда, турли шубҳа ва гумонларга борилмаслиги учун, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан битта ҳисоб рақамини очиб беришларини илтимос қилмоқда. Яъни турли шахсларнинг номига ҳисоб рақам очилгандан кўра, ҳокимликлар буни назоратга олса, ишончлироқ бўлар эди.
Шахсан мен ҳам ушбу таклифни тўла қўллаб-қувватлайман. Агар Тошкент шаҳар ҳокимлиги шу хайрли ишга бош қўшса, жон деб қўлимдан келган барча ёрдамни беришга тайёрман.
Сиз бу фикрга нима дейсиз, азиз дўстлар?
P.S.: сув омборига энг яқин ҳудудлар ҳали бери ўзига келмаса керак, деб ўйлаяпман. У ерда яқин орада уйлар қуриб бўлармикин? Шу сабабли балки Гулистон шаҳрига яқинроқ жойда ёки бошқа бирор қулай ҳудудда махсус шаҳарча яратилса яхши бўларди, менимча.
👉 @xushnudbek 👈






