Шавкат Мирзиёев оилавий болалар уйлари вакиллари билан учрашди

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

​Болаларнинг қувонч кўз ёшлари

Кўкдала тумани фаоллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида республикада биринчилардан бўлиб Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилиб, уларнинг тарбияланувчилари оилавий болалар уйларига олинганини мамнуният билан қайд этди.

Бу борада ўрнак кўрсатаётган бағрикенг қашқадарёлик оилалар ва болажонлар билан учрашди.

Жумладан, Хусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимовалар оиласи 10 нафар, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидовалар оиласи 8 нафар, Бахтиёр Тўраев ва Гулбаҳор Алланазарова оиласи 5 нафар болаларни ўз қарамоғига олганини Президентимиз маънавий жасорат деб атаб, уларга ўз номидан ва бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирди.

Сўнгра Шавкат Мирзиёев болажонларга совғалар улашди.

Болажонлардан айримлари сўзга ҳам чиқишди. Барча гапирган болалар, у хоҳ йигит, хоҳ қиз бўлсин, ҳаяжонланганиданми ёки хурсандлигиданми, энтикиб йиғлаб юборишди. "Ота-она меҳрини ҳис қиляпмиз, бундан жуда хурсандмиз" дейишди кўзда ёш билан болажонлар.

Болаларга қўшилиб, залдагиларнинг ҳам кўзига беихтиёр ёш келди. Ҳаммамиз енгил йиғлаб олдик.

«Ҳамма яхши амалнинг ажри бор, лекин етимнинг бошини силаганнинг ажри бошқача бўлади, Сизларга яна бир бор раҳмат», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари болажонларга мурожаат қилиб, ҳеч қачон ўксимасликларини, доим ўзига ишонч билан юришларини, яхши ўқиб, тарбия олиб, Ватани учун фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишишларини сўраб қолди.

«Давлат ва жамият сизларни доим қўллаб-қувватлашга тайёр, ҳеч қачон сизларни ёлғизлатиб қўймайди. Асосийси Сизлар ота-онангизга қулоқ тутиб, яхши ўқиб, илм олсаларингиз бўлди», — деди Президент.

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 919
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek