Шавкат Мирзиёев журналистлар билан таълим ҳақида суҳбатлашди
Шавкат Мирзиёев билан таълим ҳақидаги суҳбатимиз хусусида
Президент билан журналистларнинг суҳбатлари одатий тусга айланмоқда. Ҳар сафар бирор тадбир ёки ташрифдан сўнг албатта журналистлар ёнига келиб, камида 30 дақиқа, баъзан ундан ҳам кўп савол-жавоб қилиб, суҳбат қурмоқда. Турли мавзуларда ўзаро фикр алмашиляпти, Шавкат Мирзиёев ички ва ташқи сиёсат бўйича ўз қарашларини тушунтириб беряпти, кези келганда журналистлар саволдан ташқари, таклифлар ҳам беришмоқда.
Масалан, кеча Андижон шаҳридаги таълим кластерида ана шундай суҳбат бўлди. “Янги авлод” таълим кластерининг биринчи босқичида минг ўринли хусусий мактаб фаолияти ишга туширилибди, кейинчалик хусусий боғча ва университет қуришни режа қилишаётган экан. Президент "нима ёрдам керак?" деб сўраганда, кластер раҳбарлари хориждан таълим ускуналарини олиб келишда муаммо бўлаёгани, имкони бўлса божхона тартибини соддалаштириш ва катта божларни камайтиришда ёрдам сўради. Ўша заҳоти Шавкат Мирзиёев тегишли масъулларга бу бўйича топшириқ берди ва барча хусусий мактабларга божхона имтиёзларини қўллаш бўйича таклиф ишлаб чиқиш кераклигини айтди.
Ташриф сўнггида одатий анъанага мувофиқ Шавкат Мирзиёев журналистлар билан суҳбат қилди ва мавзу ҳам кўпроқ таълим ҳақида бўлди. Шавкат Мирзиёев мамлакатда таълимни ривожлантирмасдан, келажак қуриб бўлмаслигини, энг катта эътиборини айнан таълимга қаратишини, ўқитувчилар обрўси ва жамиятдаги нуфузини оширишга ҳаракат қилишини яна бир бор таъкидлади.
Таълим ҳақида гап кетгани учун, мен ҳам жим турмадим, албатта. Илмни қўллаб-қувватлаш энг тўғри йўл эканлигини таъкидлаб, таълим соҳасига оид ҳар қандай яхши қарордан бошим кўкка етгудек хурсанд бўлишимни яшириб ўтирмадим.
Шунингдек, суҳбат чоғида Телеграм каналимда ўтказилган сўровнома ҳақида ҳам гапирдим. «Ўзбекистонда ўқишга кириш осонми, қийинми?» деган саволга 100 мингдан кўпроқ инсон жавоб бергани ва ажабланарлиси атиги 7-8% овоз берганлар пулинг ёки танишинг бўлмаса ўқишга киролмайсан, дея ҳисоблаши, умумий олганда 75% овоз берувчилар ўқиганлар осонгина талаба бўлаётгани ҳақида муносабат билдирганини айтдим.
Рақамларни эшитиб, Шавкат Мирзиёев ҳам ҳайрон қолди ва "очиғини айтсам, сиз айтган масалада фуқароларимизнинг ҳеч бўлмаса 50%и ижобий жавоб берадиган даражада ўзгаришлар қила олсак ҳам, катта ютуқ, деб ҳисоблардим", дея таъкидлади.
Бу маълумотни айтишимдан мақсад — таълимни ривожлантириш энг тўғри йўл эканлиги, таълимдаги муаммоларни тезроқ бартараф этишга ҳозиргидан ҳам янада кўпроқ куч сарфлаш кераклиги, шунда халқнинг ўзи қилинаётган ўзгаришлар бўйича холис баҳосини беришини таъкидлаш эди.
Ростдан-да, ўйлаб кўринг, худди шунақа сўровномани 2017-2018 йилларда қилганимизда қанақа натижа чиқарди? Камида 95% одам ёки заринг, ёки зўринг бўлмаса ўқишга кира олмайсан, ўқишга киришда ҳаммаёқ коррупция деган бўларди ва улар мутлоқ ҳақ эдилар. Бугун эса 100 мингдан ортиқ овоз берувчиларнинг 75%и ўқисанг осонгина ўқишга кирасан, айрим жойларга эса ўқимасанг ҳам бемалол кирасан, деб туришибди.
Шунингдек, фикримни давом эттирар эканман, хусусий мактаблар қаторида хусусий ОТМларга ҳам эътибор бериш кераклигини, сабаби бу тезда ўзини қоплайдиган бизнес бўлмагани учун ҳамма инвесторларга ҳам жозибадор эмаслигини, лекин бугунги шароитда сифатли таълим бериш ва ёшларга ўқиш имкониятини яратишда хусусий ОТМларнинг ўрни катта эканлигини айтдим. Шу сабабли уларни қўллаб-қувватлаш, керак бўлса солиқ ва божхона имтиёзлари бериш масалани ўйлаб кўриш ҳақида таклиф қилдим.
Шавкат Мирзиёев фикрларимни тинглаб, қўллаб-қувватлади, бу масалани сайловолди дастурига ҳам алоҳида банд сифатида киритганини ва албатта хусусий ОТМларга давлат ОТМларида бўлгани каби имтиёз ва преференциялар берилишини ваъда қилди.
«Албатта, бу давлат олийгоҳларининг ректорларига ёқмаслиги мумкин, лекин начора, улар ҳам замонга мослашишни ўрганмаса, ўзини қийнамаса, хусусийлардан орқада қолиб кетаверади. Бизнинг танлаган йўлимиз шу, бундан орқага қайтмаймиз, фақат таълим, таълим ва яна таълим деймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бу каби очиқ суҳбатлар давомий бўлишини тилаб қоламан.
👉 @xushnudbek 👈


