Сайёр қабулда Бош прокурорга миннатдорлик билдирилди

Matn25-mart, 2019, 17:082 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Ҳаммаёқ негатив бўлиб кетмасин, мана бундай аслида кимлар учундир жуда кичик, лекин позитив хабарлар ҳам одамнинг диққатини тортади.

Шу кунларда юқори мартабали раҳбарлар сайёр қабуллар ташкил қилишмоқда. Масалан, бугун ИИВ Маданият саройида Олий суд раиси, Бош прокурор, адлия, ички ишлар вазирлари, солиқ қўмитаси раиси ва бошқалар сайёр қабулда фуқароларни бевосита қабул қилмоқда.

«Халқ сўзи» сайтида шу жараёнга оид «Маҳфуза Йўлдошева сайёр қабулга нима учун келган эди?» деган қуйидаги хабар эълон қилинди:

«Сайёр қабулда одам кўп. Кимдир Бош прокурор, яна бошқаси адлия, ички ишлар вазирларига, яна биров Олий суд, Давлат солиқ қўмитаси раислари билан учрашиб, муаммоларини айтишга шайланган.

Эшик олдида Бош прокурор қабулига кириш учун навбатда турган Маҳфуза Йўлдошбековани суҳбатга тортамиз.

— Ассалому алайкум, яхшимисиз? Бош прокурор қабул қиладиган хона олдида турганингизга қараганда, Отабек Муродовга мурожаат қилмоқчисиз, шундайми?

— Ваалайкум ассалом. Ҳа, шундай. Бош прокурор билан учрашиш учун оиламиз билан бирга келдик.

— Нима масалада келган эдингиз, қандай муаммо қийнаётганди сизни?

— Ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Чунки масаламиз ижобий ҳал этилди. Шунинг учун бугун Бош прокурорга миннатдорлик билдириш учун келдик.

Бундан билдикки, барча ўз муаммоси билан келди, деб айтолмаймиз. Масаласи ҳал бўлиб, миннатдорлик айтиш учун келаётганлар ҳам топилади. Яккасарой туманилик Маҳфуза Йўлдошбекова ҳам муаммоси ҳал бўлган фуқаролардан бири.

— Икки нафар қизим бор, — дейди у. — Бири туғма ногирон. Ҳовлимиз жуда таъмирталаб бўлиб, уни ўзимиз таъмирлашга имкониятимиз йўқ эди. Яккасарой тумани прокуратураси ходимлари шу масалада ёрдам беришди. Ҳовлимизни таъмирлаб, қўшимча ҳаммом, ошхона қурдириб берди. Энг муҳими, ногирон қизим учун ҳаммом қуриб берилганидан бошимиз осмонга етди. Уйимизнинг том қисмидан чакка ўтарди, бу муаммо ҳам ҳал бўлиб, том ёпиб берилди. Шунча ёрдам кўрсатганидан Бош прокурорга алоҳида раҳмат айтишга келдик.

Сайёр қабуллар давом этмоқда.»

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek