Сайлов-2019: номзодлар кўрсатиш ва МСК ваколатлари
«Сайлов-2019»
22 декабрь куни бўлиб ўтадиган депутатлик сайловларига ҳам оз қолди. Шу сабабли бундан буён каналимиз орқали #saylov2019 рукнида сайлов жараёнларига оид янгиликлар, сиёсий партиялар, уларнинг дастурлари тўғрисида маълумотлар, сайлов қонунчилигига оид тушунтиришлар ҳамда имкон қадар таҳлилий материаллар бериб боришга ҳаракат қиламиз.
Сайловлар менга бегона эмас. Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, 2014 йилги сайловларида 119-Чироқчи сайлов округидан менинг номзодим ҳам Олий Мажлис депутатлигига қўйилганди. Ўшанда 25 ёш эдим. Натижасидан ҳам кўпчилик хабардор бўлса керак, айрим сабаблар туфайли сайланиш насиб қилмаган. Лекин сайлов жараёнларида ўзим учун жуда катта тажриба тўплаганман. Бу ҳақида ҳали яна бафуржа гаплашамиз.
Бугун эса бошқа жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда партияларнинг номзод кўрсатиш жараёни ҳақида турли гап-сўзлар юрибди. Хусусан, Олий Мажлисга ҳамда маҳаллий кенгашларга кўрсатиладиган номзодларга ҳокимларнинг аралашуви ҳақидаги хабарларни ўқиб қоляпмиз.
Энг қизиғи, негадир бу каби ҳолатларда «Марказий сайлов комиссияси қаерга қараяпти?» деган саволлар кўпаймоқда. Лекин қанчалик ҳайрон қоларли бўлмасин, партияларнинг номзод кўрсатиш жараёнига Марказий сайлов комиссияси аралашмайди, бу тўлиқлигича партияларнинг ўзи ҳал қиладиган масала. Қонун бўйича МСК партиялар ишига аралашиб, “фалончининг номзодини нега кўрсатмадинг?” дея олмайди.
МСК айрим жиҳатлари билан Давлат тест марказига ўхшаб кетади. Яъни МСК ҳам, ДТМ ҳам маълум бир жараёнларни шаффоф, очиқ-ошкора ва адолатли ўтказилиши учун жавобгар. Лекин сайлов ёки тестгача бўлган ва ундан кейинги жараёнларга улар жавоб бермайди. Албатта МСКда ДТМга қараганда ваколатлар анча кенг, аммо моҳиятан бир-бирига ўхшаб кетади.
Илгари тест жараёнларига ректорлар таъсир ўтказишга, ўзининг “номзодларини” талабаликка ўтказишга қанчалик уринган бўлса, ҳокимлар ҳам азалдан худди шунақа ўзларига яқин номзодларни депутатликка “сайланишига” уриниб келади. Бу ҳеч кимга сир эмас. Жорий йилда сайловларга ҳокимлар яқинлаштирилмаслиги ҳақида катта ваъдалар беришмоқда, кўп бора таъкидлашмоқда, бунинг натижасини сайлов охирида кўрамиз.
Муаммонинг илдизи эса, аслида партияларда. Номзод кўрсатишда улар мустақил бўлиши керак. Номзодларини кимлардир тасдиқлаб бермаслиги керак.
Майли, кузатаверайликчи, янгича сайловлар олдингиларидан қизиқроқ ўтса керак ҳар ҳолда.
👉 @xushnudbek 👈
