Самарқанддаги 64-ихтисослашган мактабдаги зўравонликлар
Manba:Daryo — LIVE
Самарқанддаги даҳшатли мактаб-қамоқхона: ур-калтаклардан тўйган болалар ўз жонига қасд қилишга уринмоқда
«Газета.уз»да Самарқанддаги алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун мўлжалланган 64-ихтисослашган мактаб ҳақида даҳшатли материал эълон қилинди. Оддий қилиб айтганда, бу мактаб эмас, балки болалар қамоқхонаси. Ўзбекистонда ягона. Унда оғир хулқ-атворга эга, узоқ муддат ҳисобга турган, хавфли хатти-ҳаракатларни содир этган, бироқ жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмаган 11—16 ёшдаги вояга етмаган болалар жойлаштирилади.
Фарзандлари шу мактабга жойлаштирилган ота-оналарнинг ва шу мактабда ишлаган, лекин ҳақиқий исмини ошкор этишни истамаган ходимларнинг сўзларига кўра, мактаб директори ва унинг ўринбосарлари, мактаб ходимлари болаларни тизимли равишда калтаклаб, уларга жисмоний ва руҳий босим ўтказмоқда, дарс ва машғулотлар ўтказмай, болаларни оғир жисмоний меҳнатга жалб қилмоқда, ёмон овқатлантириб, тез-тез уларни оч қолдирмоқда.
🔹«Газета.уз»га шикоят қилган оналардан бирининг фарзанди — Элмурод 19 июнь куни мактаб директори Шуҳрат Садиновнинг жияни — мактабда тарбиячи бўлиб ишлайдиган Шерзод Очилов томонидан калтакланган. Директор унинг юзидаги моматалоқни кўриб қолиб, хонасига олиб кириб, «Сени болалар урди, Шерзод ака эмас!», деб яна калтаклаган.
🔹Болалар айниқса кечки сменада жуда қўпол муносабатга учрайди. Нафақат директор ва унинг ўринбосарлари, ҳатто психологлар болаларни калтаклайди. Яқинда психологлардан бири болани шланг билан калтаклаган. Кундузги тарбиячилардан бири психологга боладаги моматалоқни кўрсатганида, «Ҳеч нарсани кўрмаяпман, бу шунчаки қуёшда қорайган», деб айтган.
🔹Мактаб маъмурияти ходимлари алкоголь ичимликлар ичиб ҳам тарбияланувчиларга азоб берган. Масалан, болаларни бокс қопига боғлаб қўйиб, уларни бепушт қилиш учун чов қисмига уришган. Носвой чеккан болаларни эса овқатдан сўнг шу тамакини ютишга мажбур қилишган. «Бир сафар аввал ҳеч носвой чекмаган навоийлик бир болага адашиб икки пачка носвойни ютдиришган. У куни билан қалтираб юрди, лекин ҳеч ким бу ҳақда шифокорга хабар бермади».
🔹Мактабнинг собиқ тарбиячиларидан бири болаларни калтаклаган ходимлар исмини бирма-бир санади: директор Шуҳрат Садинов, ўқув ишлари бўйича мудир У.Шукуров, маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари Э.Ворисов, тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Жасур Қўчқоров, катта тарбиячи Зуҳриддин, тунги смена тарбиячиси Ф.Рўзиқулов ва тарбиячи ёрдамчиси Шерзод Очилов. Уларнинг бари директорнинг ё яқин дўсти, ё қариндоши.
🔹Болалар оғир жисмоний меҳнатга жалб қилинади. Масалан, яқинда мактабнинг бир қисми бузилган — болалар катта болға билан бетонларни бўлаклаган. Энди темир ғалвир билан элаб, бетон бўлакларини қумдан ажратяпти. Кейин темир замбилларда хомашёни бошқа жойга ташийди. Кичик гуруҳлар ғиштларни йиғмоқда. Белкуракларнинг дастаси ёғоч ўрнига темирдан.
🔹Тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Жасур Қўчқоров «Газета.уз» мухбири билан телефон орқали мулоқотда барча айбловларни рад этган: «Ундай бўлмаган. Болалар билан психологлар ишлайди, улар ҳеч қандай жисмоний меҳнатга жалб қилинмаган. Улар фақат машғулот ва тўгаракларга боришади». Мактаб директори Шуҳрат Садинов мухбирларнинг қўнғироқларига жавоб бермаган.
🔹Ур-калтаклар сабабли болалар тез-тез мактабдан қочади. Ортга қайтарилганидан сўнг улар ўз ҳаётига нуқта қўйишга ҳаракат қилади. Хусусан, бухоролик Беҳрузнинг отаси Баҳодир Ҳамдамов ҳам буни тасдиқлади. Унинг боласи мактабдан қочиб, Каттақўрғонгача югуриб келган. Қочганида бошида очиқ чандиқ бўлган. Мактабга қайтармоқчи бўлишганида, паркка қочиб, у ерда ўзини осмоқчи бўлган. Уни милиционерлар ўз вақтида кўриб, қутқариб қолган.
🔹Болалар қўрқиб қолган ва ҳақиқатни айтишдан жуда чўчийди. Комиссия ва ишчи гуруҳлар текширган вақтда улар ҳаммаси яхши, дейишади. Агарда уларни мактабдан олиб чиқиб, мактаб ходимлари, тарбиячи ва раҳбарият иштирокисиз яккама-якка суҳбат қилишса, улар ҳақиқатни сўзлаб беришади.
