Рашид Қодировга нима учун 10 йил берилди

Matn28-iyun, 2019, 08:502 daqiqa0 koʻrish

Рашид Қодировга нима учун 10 йил берилди?
#юридик_дарс

Ижтимоий тармоқларда бугуннинг энг кўп муҳокама қилинаётган саволи шу бўлмоқда. «Нима учун Рашид Қодировга 10 йил берилди (жарима жазоси ҳам бор)? Бу кам эмасми?»
Шу саволга изоҳ бермоқчиман.

Мен судда қатнашганим йўқ, унда нима гаплар бўлди, қандай далиллар айтилди, буниси номаълум. Лекин берилган жазони ҳуқуқшунос сифатида шарҳлашимга бу тўсқинлик қилмайди, менимча.

Энг аввало Рашид Қодиров суд ҳукми билан қайси жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилганини кўриб чиқамиз:

• Пора олиш (ЖК 210-моддаси 3-қисмининг «а» банди);
• Пора беришга далолат қилиш (28, 211-модда 3-қисмининг «а» банди);
• Фирибгарлик (168-модда 3-қисмининг «а» банди);
• Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (184-модданинг 3-қисми);
• Тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (236-модданинг 2-қисми);
• Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (243-модда).

Жиноят кодексини очиб, ушбу моддаларни варақласангиз, улар ичидаги энг оғир жазо назарда тутилган жиноят, бу - пора олиш ва пора бериш жиноятлари эканлигига гувоҳ бўламиз. Ушбу жиноятлар учун максимум 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш мумкин.

Хўш, суд унда нима учун 15 йил эмас, 10 йил жазо берди? Нега 5 йилни “қирқиб қолишди”?

Олий суд берган расмий хабарга эътибор қилсак, қуйидаги жумлага кўзимиз тушади: «Рашид Қодировга ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари (101 млн 365 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди».

ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартиби нима дегани у?

Жиноят кодексини очамиз. Унда қуйидагича ёзилган:

«Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас».

Рашид Қодиров 67 ёшда. Демак, қонун бўйича унга ЖКда белгиланган энг максимум жазонинг (15 йил) учдан икки қисмини, яъни 10 йил бериш мумкин. Суд айнан 10 йил беришга ҳам мажбур эмас, иш ҳолатидан келиб чиқиб, 4, 7, 9 йил бериши ёки умуман бошқа енгилроқ ҳам мумкин. Асосийси 10 йилдан ошиб кетмаса бўлди.

Лекин Рашид Қодировга суд қонунда мумкин бўлган энг максимум жазони, яъни 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Бор гап шу... Яна қайтараман, мен шунчаки масаланинг ҳуқуқий ечимини келтирдим холос. Билиб қўйган зарар қилмайди.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek