Абитуриентлар учун қабул жараёнидаги муаммолар ва таклифлар

Matn4-avgust, 2018, 10:172 daqiqa0 koʻrish

Қабул жараёнларига масъул бўлган мутасаддилардан илтимосим бор эди.

Бугунгача қилинган кенг кўламли ишларни эътироф этган ҳолда, абитуриентлардан келиб тушаётган кўплаб илтимосларни Сизларга етказмоқчиман. Умид қиламанки, мазкур масалалар ҳам тезда ўзининг ижобий ечимини топади.

1. Кириш баллари ҳақида интернет орқали маълумот олишни йўлга қўйиш.

Энг кўп берилаётган савол – қайсидир ОТМнинг, қайсидир факультетига кириш бали ҳақида маълумот сўраш бўлмоқда.

Чунки интернет орқали фақат ўзининг бали ва кирган-кирмаганини билиш мумкин. Лекин ўтиш бали ҳақида фақатгина ОТМга шахсан бориб, илинган қоғозни кўргач била олади холос. Аммо бу кўпчиликка ноқулайлик туғдиради, айниқса вилоятликларга.

Ўтиш бали нима учун керак, дерсиз? Бунга қуйидаги 3 та асосий сабабни келтирмоқчиман:

а) Кира олмаганлар қўшимча контрактнинг қайси ҳудудида турганини билишга қизиқади. Биламизки, дастлабки 4 баллик ҳудуд анча арзон, кейингилари эса кескин қимматлашади. Масалан, 150 балл билан йиқилганлар киришга неча балл етмаганини билишни хоҳлайди.

б) Апелляция бериш ёки бермаслик масаласи учун керак. Агар чизиққача ёки грантгача масофа узоқ бўлса, овора бўлмайлик, дейишади.

c) Ҳарбий имтиёзлилар 2-ОТМга кира олган ёки йўқлигини билиш учун.

ТАКЛИФ: ҳар куни интернет орқали ҳар бир йўналишнинг ўтиш баллари ҳам эълон қилиб борилса (фақат илтимос, ўртача ўтиш бали эмас, соф кириш бали айтилса). Менимча, бу қийин иш бўлмаса керак.

2. Кўпчилик тушунмаётган тартибларга расмий изоҳ беришни йўлга қўйиш.

Абитуриентлар учун айрим тушунарсиз ҳолатларга изоҳ беришни йўлга қўйсак ёмон бўлмасди. Хусусан, ҳозир энг актуал саволлар қуйидагилар:

а) Ҳарбий имтиёзи бор абитуриентлар танлаган 2-ОТМдаги тест синовлари кейинги кунларда бўлса ва асосий ОТМга кира олмаган, лекин тўплаган бали 2-ОТМга етган бўлса, улар кирган-кирмаганини қандай билса бўлади? Бу ҳақида аввалроқ ҳам ёзгандим.

б) Ҳарбийларнинг фарзандлари учун имтиёзлар берилган эди. Кўпчилик, айнан шу масалада ҳам сўрашмоқда. Яъни махсус тавсияномаси бор ҳарбийнинг фарзанди ўқишга кира олмаса нима бўлади? Ўзи бу тавсиянома нима учун керак эди ва қандай фойдаси тегади?

c) Ногиронлардан ҳам худди шундай саволлар келиб тушмоқда. «Ҳар бир ОТМда ногиронлар учун 2%лик квота ажратилган эди, мен етарли кириш бали тўплай олмадим, энди нима бўлади? Квота менга қўлланадими?» дея сўрашмоқда.

Ҳозирча шулар. Яна масалалар бўлса, етказишга ҳаракат қиламан. Раҳмат.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek