PUBG MOBILE ўйинига қарамлик ҳақида обуначи мактуби

Matn4-aprel, 2021, 18:522 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Каналимизнинг бир обуначисидан хат олдим, уни айрим жузъий таҳрирлаш билан Сизга ҳам улашяпман:

«Ассалому алайкум. Илтимос бир ўқиб чиқинг!

Менинг мурожатим бошимдан ўтган бир ҳодиса хақида. Бундан деярли бир йил олдин ўртоқларим ўйнашига қизиқиб PUBG MOBILE ўйинини юклаб олгандим ва бу ўйин анча ёқиб қолди. Хозирги кунда бу ўйинни эшитмаган одам бўлмаса керак. Ўзим устачилик қиламан, ҳар куни кечки вақт бўшайман. Ҳар куни ишдан бўш бўлдим дегунча телефонга ёпишар эдим. Деярли бир йилдан буён шунақа эди, бундан бир ҳафта олдингача. Роппа-роса бир ҳафта олдин ўйинга янгиланиш келди ва янгиладим ўйинга кирмоқчи бўлсам кирмади, билишимча ўйинга қўшган қўшимча программаларга бан берган. Ўша вақтда шокка тушиб қолдим қўлимдаги телефонни отиб юбордим. Асабларим таранг бўлиб ўтиргандим ва бирдан ўзимда бўлаётган нарсаларни ўйлай бошладим. Хеч жиддий ўйлаб кўрмабман, бу ўйинга қанчалик берилиб кетганимни.

Ўйлаб қолдим, менга нималар бўлди шу бир йил ичида. Бошидан ўйинга қўлим келишиб кетди. Кунлар ўтди, анча тажриба орттирдим. Ўйинга бўлган қизиқишим тобора ўзига тортарди. Кўпчиликнинг ичида биринчи бўлиш ҳисси жуда ажойиб. Бошида 1-2 соат бўладиган ўйин, кейинчалик 5-6 соатгача чўзиладиган бўлди, баъзида ундан кўп. Бу ўйинни домига тушганимдан буён бутун бир хаёлим шунда бўлиб қолди. Нима қилсам ҳам биринчи бўлиш учун қўлимдан келганини қилардим. YouTube тармоғидан бор сирини ўргандим. Шу орада анча яхши ўйинчига айланиб борардим. PUBGда ўзгаришлар анча яхши эди, лекин, ўзимдаги ташқи ўзгаришлар шуни акси бўлди. Табиатан шўх, ҳазилкаш бола сал гапга жаҳли чиқадиган, қўрс бўлиб қолибман. Эътиборсиз, салга хаёлим қочадиган бўлиб қолибман. Авваллари айтилган гапни тез илғардим, ҳозир эса икки-уч марта айтмаса бўлмай қолибди. Ўйин вақтида қилинаётган телефонларга ҳам, чақираётган одамларга ҳам ким бўлишидан қатъи назар жавоб бермасдим. Ишимда ҳам камчиликлар кўпайди. Хар куни кун бўйи уйқусираб юрардим. Ўзимда бўлган салбий ўзгаришларни санасам тугамайди.

Қисқа қилиб айтганда шу ботқоққа ботиб қолгандим шуларни ўйлаб чиқиб, ўзимдан нафратланиб кетдим, қанчалик аҳмоқ бўлганимни ҳис қилдим.

Мен кимгадур ақллилик қилмоқчи эмасман, шунчаки беш дақиқа вақт ажратингда бир сарҳисоб қилиб кўринг, бир кунда неча соат вақтингиз кетаяпти телефон ўйнашга? Бу айнан PUBG бўлиши шартмас, ўша соатни кунларга, кунларни ойларга кўпайтиринг. Бу шунчаки ҳисоб-китоб эмас, бу фожиа. Ўзбекистонда жуда кўпчилик одам шу ўйинни ўйнашаяпти.

Мен шу ботқоққа ботдим ва чиқиб кета олдим, деб ўйлайман».

Хат тугади.

Ўйин ўйнаш ёмон иш эмас, фақат барчасида меъёр бўлса бўлди.

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 15
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek