Тошкентда пропискага кириш бўйича фойдали маслаҳатлар
Прописка бўйича лайфхак
2-ҚИСМ
Юқоридаги таклиф барчага ҳам бирдек маъқул келмаслиги мумкин. Чунки одамга ишонч йўқ, ота-бола мулк учун юзкўрмас бўлиб юрган пайтда, дўст-у қадрдонлардан хавфсиралиши табиий. Гарчи барчасини тузилаётган шартномада батафсил кўрсатиб, ҳуқуқий томондан муаммога ўрин қолмайдиган қилиш мумкин бўлса-да, лекин барибир кўпчилик оғримаган бошини оғритгиси келмайди.
Шундай бўлсада, яна бир маслаҳат бермоқчиман.
Мабодо янги уй сотиб олишга имконингиз етарли бўлса ва ўзгалар билан улуш қилишга эҳтиёжингиз бўлмаса ҳам, олди-сотди шартномаларни тузаётган вақтда харидор сифатида турмуш ўртоғингизни ҳам шартномага қўшиб қўйсангиз бўлади. Яъни эру-хотин улуш қўшган ҳолда уй олаётан бўласиз.
Бу нимага керак?
Чунки бундай ҳолатда турмуш ўртоғингиз 1-банд билан пропискага киради. Тўғри, айтишингиз мумкин, «ахир мен уйни олгач 1-банд билан кирсам, турмуш ўртоғимни бемалол пропискага олиб кира олманку», дея.
Ҳа, рост, бемалол кирита оласиз. Лекин 5-банд билан!
Хўш, 1 ва 5-банднинг нима фарқи бор? Фарқи катта!
5-банд билан кирганлар келгусида 3 йил ичида на бошқа яқин қариндошларини пропискага кирита олади, на номига уй сотиб ололади. Ҳаттоки амалиётда ўзим бевосита гувоҳи бўлганман, эри орқали 5-банд билан пропискага кирган хотин, зарурият туфайли пропискасини вилоятга ўзгартирган эрини қайта Тошкентга олиб кира олмади. Тасаввур қиляпсизми?! Фарзанд, ота-она ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади.
1-банд билан пропискага кирганда эса, келгусида, янада аниқроқ айтсам, эртаси куниёқ бемалол ўз номига бошқа уйларни (ҳатто иккиламчи бозордан ҳам) сотиб олиши, ота-онасини (яъни қайнота-қайнонангизни) пропискага кирита олиши мумкин. Бу эса келгусида турмуш ўртоғингизнинг ака-укаларини ҳам пропискага киришига имкон яратади (қайнота-қайнонангиз уч йилдан кейин номига уй олгач).
(ҳаммаёқ математика бўлиб ётибди, начора)
Мулкда муаммо бўлмайдими?
Турмуш ўртоғингизни расман харидор сифатида шартномага киритишингиз эртага ҳуқуқий муаммолар келтириб чиқармайди. Балки айримлар мабодо оилада ажрим бўлишидан хавотир олаётган бўлса, айтишим мумкинки, Сиз турмуш ўртоғингизни олди-сотди шартномасига қўшасизми ёки қўшмайсизми, барибир фарқи йўқ, никоҳ давомида сотиб олинган мулкнинг ярми шундоқ ҳам уники.
Хуллас, ёдимга келганда мана шу маслаҳатни ҳам айтиб қўяй дегандим-да. Балки кимгадир фойдаси тегиб қолар.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
- 👍 3

