Президент бир гуруҳ амалдор ва бизнесменларни тақдирлади
Xushnudbek.uzMatn3 daqiqa0tahrirlanganПрезидент Шавкат Мирзиёев амалдорлар ва таниқли бизнесменларни тақдирлади. Кимга қандай мукофот насиб этди?
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида» тўғрисидаги фармонни имзолади.
Мукофотланганлар рўйхатида, жумладан, кўплаб давлат амалдорлари, ҳокимлар ва таниқли бизнесменларни кўриш мумкин. @daryo_live кимга қайси мукофот насиб этганини таҳлил қилиб чиқди.
Амалдорлар
Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуротов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан, Ўзбекистон Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, бош вазир ўринбосари — молия вазири Жамшид Қўчқоров эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси Равил Абдуқодиров «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан, бош вазир маслаҳатчиси Аброл Ваҳобов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, Давлат геология қўмитаси раиси Бобир Исломов ва Давлатергеодезкадастр қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев «Дўстлик» ордени билан билан тақдирланган.
Шунингдек, Президент Администрациясининг олти нафар масъул ходими «Содиқ хизматлари учун» медалига лойиқ кўрилган.
Ҳокимлар
Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони билан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.
Қизилтепа тумани ҳокими Шабон Набиев «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов эса «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Авезов, Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов, Данғара тумани ҳокими Саидмурод Аминжонов, Ховос тумани ҳокими Раҳимжон Бобоев, Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулло Дадахонов, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Эргашев, Пешку тумани ҳокими Амрилло Назаров, Чуст тумани ҳокими Баҳодир Охунов, Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев, Боғот тумани ҳокими Ойбек Холбоев, Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов, Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камолов, Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланган.
Элчилар
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов «Дўстлик» ордени билан, мамлакатнинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов эса «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Адилбек Каипбергенов ҳам «Дўстлик» ордени эгасига айланган.
Бизнес вакиллари
Ўзбекистонда хоккей спортини оммалаштиришга масъул ишбилармон, Eriell компаниялар гуруҳи бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. Самарқанддаги Sam Antep Gilam компанияси директори Камол Абдуллоев, UzTex тўқимачилик корхоналари гуруҳи директорлар кенгаши раиси Фарҳод Мамажонов (суратда — Президент билан бирга), Golden House Development’нинг 76 фоиз акциясига эгалик қилувчи Unique Trade Business компанияси директории Пайзуллажон Мирзаев «Меҳнат шуҳрати» ордени эгасига айланди.
Agromir Group ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Шавкат Жалолов «Дўстлик» ордени, Craffers қандолатчилик компанияси директори Азизхон Амилов эса «Шуҳрат» медали билан мукофотланган. Шунингдек, ENTER Engineering компанияси ва To‘palang HPD компанияларининг кўплаб ходимлари ҳам турли давлат мукофотларига лойиқ кўрилган.
👉 @xushnudbek 👈


