Янги таҳрирдаги Таълим тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Matn30-avgust, 2019, 16:592 daqiqa0 koʻrish

Янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
https://regulation.gov.uz/uz/document/7093

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида фуқароларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини ва таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларини белгилаш ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашдан иборат.

Ўзбекистон Республикасида таълим қуйидаги турларда амалга оширилади:

мактабгача таълим;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;

касбий таълим;

олий таълим;

олий таълимдан кейинги таълим;

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

мактабдан ташқари таълим.

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва таълим дастурларини ёки улардан бирини амалга оширувчи таълим ташкилотлари;

якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (репетиторлик);

таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий-педагогик муассасалар;

таълим соҳасида давлат бошқаруви органлари ҳамда уларга идоравий мансуб ташкилотлар.

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими ягона ва узлуксиздир.

Таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

таълим ва тарбиянинг уйғунликда олиб борилиши;

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик хусусиятга эга эканлиги;

таълимнинг узлуксизлиги, узвийлиги ва изчиллиги;

12 йиллик (6 ёшдан 7 ёшгача болаларни бир йил давомида умумий ўрта таълимга тайёрлаш ҳамда ўн бир йиллик умумий ўрта ва ўрта махсус) таълимнинг мажбурийлиги;

таълим тизимининг дунёвий хусусиятга эга эканлиги;

давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим олиши;

жамиятда педагог ходимлар ижтимоий ҳимоясининг кафолатланганлиги;

таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.

Давлат жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси, ижтимоий мавқеидан қатъий назар, ҳар кимга таълим олишда тенг ҳуқуқларни кафолатлайди.

Қонун лойиҳаси 28 сентябрга қадар муҳокама қилинади.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek