Парламентда судьялар мустақиллиги муҳокама қилинди

Matn16-iyul, 2020, 22:231 daqiqa0 koʻrish

Парламентда судьялар мустақиллигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Сурхондарё ҳамда Сирдарё вилоятларида судьялар ва суд ходимлари билан бўлган нохуш воқеалар муҳокама қилинди.

Судьянинг дахлсизлиги нафақат унинг турар жойига, хизмат хонасига, алоқа воситаларига, хат-хабарларига, балки унинг фойдаланадиган транспорти ва унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир, – дейди Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов. – “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 68-моддасига мувофиқ, судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади.

Йиғилиш аъзолари Судьялар олий кенгашидан юқоридаги ҳар иккала ҳолатни чуқур ўрганиш, қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганда, тўпланган материалларни мутасадди идорага ҳамда натижаси бўйича Комиссияга киритилиши юзасидан қарор қабул қилдилар.

Бундан ташқари, Комиссия қарори билан Бош прокуратурадан Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида судьялар дахлсизлигига тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан суриштирув ҳаракатларини алоҳида назоратга олиш, Олий суддан эса судьялар мустақиллиги кафолатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш сўралди.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek