Парламент сўровига беписандлик: Сенат раиси изоҳ сўради

Matn27-sentabr, 2018, 18:551 daqiqa0 koʻrish

Парламент сўровига беписандлик

Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев сенатор сўровларига беписандлик билан қаралиши борасида ҳукуматдан изоҳ сўради, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

«Айрим вазирлик ва идоралар раҳбарлари парламент билан муносабатларга қонун талаби асосида ёндашмаяпти», – деди Йўлдошев 27 сентябрь куни иш бошлаган Сенат ялпи мажлисида.

Хусусан, Сенат қўмитаси раисининг ўринбосари томонидан 15 август куни пойтахтдаги маданият ва истироҳат боғларидаги жиддий камчиликлар юзасидан маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевга сенатор сўрови юборилган.

Сенат раисининг сўзларига кўра, ушбу сўровга вазирликнинг жавоби 40 кундан сўнг келган. Бунинг устига, бирорта ҳам саволга тайинли жавоб олинмаган.

«Вазир ўринбосари имзоси қўйилган ярим варақлик жавоб Сенатга эмас, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига юборилган», – деди у.

Йўлдошев Маданият вазирлиги мутасаддиларини қонунларни билмаслик ва масъулиятсизликда айблади.

«Вазирликнинг масъул шахслари сенаторлар қаерда ишлашларини билмасликлари уларнинг қонунни билмасликларини намойиш қилади», – деди у.

«Ўзингиз ўйланг, Маданият вазирлиги масъул ходимлари халқ вакилларига нисбатан шундай муносабатда бўлса, уларнинг давлат сиёсати моҳиятини тўлиқ англаб етганига, зиммасига юклатилган муҳим вазифаларни амалга оширишига ким кафолат беради? Биз бу масала бўйича вазирлик, шунингдек, ҳукуматдан изоҳ кутамиз», – деди Йўлдошев.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek