Ўзбошимчалик билан қурилган уйлар акцияси ва фуқаролиги йўқлар

Matn19-aprel, 2019, 09:002 daqiqa0 koʻrish

#муштарийдан_мактуб
Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга оид акция фуқаролиги бўлмаган шахсларга таалуқли эмасми?

«Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 20 апрелдаги 5421-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон Қарори қабул қилинди.

Ушбу ВМ қарори билан Низом тасдиқланган. Ушбу Қарор ижроси жараёнида асосланмаган сабабларга кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга мулк ҳуқуқи берилмаслиги билдирилмоқда.

Лекин, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1, 5 ва 26-бандларида бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш белгиланган.

Фуқаролик кодексининг 16-моддасига асосан, фуқаролар (жисмоний шахслар) деганда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади. Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Кодекснинг қоидалари барча фуқароларга нисбатан қўлланилади.

Тартибга кўра Қонун ости ҳужжатлари нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар беради. Афсусларки, Ушбу масала бўйича, 461-сон Қарор билан тасдиқланган "Низом"ни ишлаб чиқувчилар томонидан расмий шарҳ берилмасдан қолмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб Сиздан, Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга юқорида келтирилган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида мулк ҳуқуқи берилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги юзасидан юридик маслаҳат ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёзма жавоб (шарҳ) олинишида амалий ёрдам беришингизни илтимос қиламан.

Ушбу масала буйича Адлия вазирлиги мумкин деган хулоса берди, лекин амалда бажарилмаябди. Шунчаки сарсон қилмоқда. Акция муддати тугашига оз муддат қолди. Лекин ҳозир ҳам улгурса бўлади. Бу масала ижобий ҳал бўлишига минглаб инсон деган мавжудотлар умид қилмоқда».

ЖАВОБ: фикримча, бу акция фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тааллуқли. Чунки на Президент Фармонида, на Вазирлар Маҳкамаси қарорида «Ўзбекистон фуқаролари» деган жойни учратмадим.

Бу масалада албатта ёзма мурожаат бўлиши шарт. Яъни 1 майгача расман мурожаат қилинганлик фактини белгилаб қўйиш керак. Ундан кейин тегишли давлат органининг рад қилувчи жавобларини олиб, судга берса бўлади. Гарчи суд жараёнлари 1 майдан кейинга чўзилиб кетса ҳам, лекин бундай вазиятда ариза билан мурожаат қилинган сана ҳисобга олинади.

Лекин ич-ичимдан умид қиламанки, бу ҳолат судлашишгача бормайди. Масъулларга Худо инсоф бериб, тегишли қонунчилик доирасида (оғзаки топшириқларни бир четга суриб қўйиб) масалани ҳал қилишади. Ким билсин, шунга ишонгим келяпти ҳар ҳолда.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek