Ўзбекистонда вилоятлараро транспорт қатнови тўхтатилади

Matn27-mart, 2020, 15:552 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

⚡️РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, 2020 йил 27 март соат 10:00 дан эътиборан вилоятлараро транспорт воситалари (автобус, автомобиль, шаҳарлараро такси, авиа, темир йўл транспорти)нинг ҳаракати (юк ташиш ҳоллари бундан мустасно) бутунлай тўхтатилади. Бунда муайян ҳудудга таалуқли автотранспортларнинг (транзит) ўз ҳудудларига кириб боришига рухсат берилади.

Бундан ташқари, вилоятлар таркибидаги шаҳар ва туманлараро транспорт қатнови ҳаракати ҳам вақтинча чекланади.

Мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари) уйидан ташқарига чиқиши чекланади.

Ўта зарур ҳоллардагина кўчага чиққанда (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) – шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)да бўлиши шарт. Бордию фуқаролар уйидан ташқарига шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)сиз чиқса, қонунда белгиланган тартибда жаримага тортилади. Яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаригача миқдорда – 1 млн 115 минг сўм жарима қўлланилади.

❗️Шунингдек, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда, фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида 2 метр масофа сақлаши шарт. Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу тақиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди.

Республика ҳудудидаги барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан ресторан, кафе, ошхона, чойхона, сингари тадбиркорлик субъектлари (уйга етказиб бериш хизмати бундан мустасно) мамлакатдаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунига қадар фаолиятини тўхтатмай, давом эттираётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан кескин жазо чоралари кўрилмоқда.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek