Ўзбекистонда Стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0Стартаплар тўғрисида қонун қабул қилиниши мумкин
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Стартаплар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
https://regulation.gov.uz/uz/document/17135
Лойиҳага кўра, стартап, бу — инновацион таркибий қисмларга эга бўлган ва юқори таваккалчиликка асосланган, ўзига хос инвестицияларни талаб қиладиган кенгайтириладиган бизнес моделини излаш ва амалга ошириш учун мўлжалланган вақтинчалик тузилмадир.
Қонунда стартапларга бериладиган кўмак дастурлари ҳақида ҳам гап боради. Унга кўра, кўмак дастурида қатнашиш учун стартаплар қуйидаги талабларга жавоб беришлари керак:
- Ўзбекистонда камида 1 йил олдин ва 5 йилдан кўп бўлмаган муддатда рўйхатдан ўтган юридик шахслар бўлиши;
- молиявий ҳисобот натижаларига кўра йиллик пул айланмаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан кам бўлиши;
- асосан ёки фақат технологик таркибий қисмга эга хизматларни ва/ёки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тижоратлаштириш билан шуғулланиши;
- ишлаб чиқилаётган маҳсулот / хизмат тижоратлаштиришда потенциал юқори қўшимча қийматга, даромадлиликка (таннарх ва нарх орасидаги) эга бўлиши;
- йиллик молиявий ҳисоботга кўра тадқиқот ва ишланмалар учун сарфланган харажатлар умумий харажатларнинг 15 фоизидан кам бўлмаслиги.
Уларга қандай ёрдам берилади?
Стартап кўмак дастурида ёрдам муддати давомида иштирок этганида:
- стартап ходимлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинадилар;
- стартапнинг устав капиталидаги улуши ташқи инвесторга сотилганида (cash-out), жисмоний шахслар сифатидаги стартап иштирокчиларининг даромадларига солиқ солинмайди;
- компания ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ва Бюджетдан ташқари умумтаълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилади;
- компания ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, лойиҳани амалга ошириш доирасида ўз эҳтиёжи учун четдан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуна, хомашё, материаллар, реактивлар, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади;
- интеллектуал мулк кафолати эвазига кредит олиш имконияти;
- “дефолт” ҳолатида стартаплар юридик шахс фаолиятини енгиллаштирилган шаклда тўхтатиш ҳуқуқига эгадирлар.
Стартапларни рўйхатдан ўтказиш тартиби қандай бўлади?
- стартаплар зарурий ҳужжатларни махсус веб-сайтда тақдим этиш орқали онлайн рўйхатдан ўтадилар;
- стартапларни сайтда рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади;
- рўйхатдан ўтиш учун стартап фаолияти тўғрисидаги тақдимот, бизнес-режа, маҳсулот ёки хизматнинг ўзига хос хусусиятлари, инновацион таркибий қисмлар ёки интеллектуал мулк ҳуқуқига эгалик шаклидаги маълумотлар тақдим этилиши керак.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 12 майга қадар давом этади.
👉 @xushnudbek 👈


