Ўзбекистонда ОАВларнинг ёпилиши ва сўз эркинлиги
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0Сиёсат ва журналистика
Муҳрим қуйидагича ёзмоқда:
«Тўғри.уз» ёпилиши билан унинг фан-клуби очилибди (тўғридан ҳақиқатга бориб айтадиган бўлсак — сайтга тегишли канал энди фан-клубники бўлибди).
Лекин нима бўлганда ҳам, Ўзбекистонда бир йил ичида катта мақсадлар, катта бюджетлар ва катта ваъдалар билан очилган иккита ОАВ («Турон 24» ва «Тўғри.уз»)нинг кутилмаганда, тўсатдан (шубҳали дегинг келади), тушунарсиз изоҳлар, тайини йўқ баёнотлар билан ёпилиши — соҳа учун ҳам, сўз ва матбуот эркинлиги учун нохуш хабар. Менимча.
Умуман олганда, қандайдир шахслар манфаатига хизмат қиладими, эгаларига ортиқ қизиқ бўлмай қоладими ё чиндан банкрот бўладими, фарқи йўқ — ҳар қандай ОАВнинг ёпилиши кўнгилсизлик. Мен ЎзА ёки «Юпл.уз»ни қанчалик ёқтирмайин, улар ёпилса ё тугатилса, менга оғир ботади, асло хурсанд бўлмайман. Ҳар бирининг ўрни бўлак.
Қандай бўлишидан қатъий назар, барқарор, тўсатдан ёпилиб қолмайдиган ОАВлар кўпаяверсин — ишининг устаси бўлган ОАВ ходимлари ҳар доим талаш бўлсин!»
Пост тугади. Муҳримнинг фикрларига қўшиламан.
Масаланинг яна бир жиҳати эътиборли. Ёпилган ОАВларга назар ташласак, уларнинг барчаси қайсидир амалдор томонидан молиялаштирилаётгани ҳақида миш-мишлар бор эди. «Турон24»ни ўша пайтда Президент Администрациясида катта лавозимда ишлайдиган ва бевосита ахборот соҳасида ишла(ёт)ган амалдорники, «Минбар.уз»ни бир вазирники, «Тўғри.уз»ни ҳокимники дейишди.
Аввало ҳақиқатдан ушбу ОАВлар ўша амалдорлардан томонидан молиялаштирилганми, йўқми, бунисини билмаймиз. Ҳеч ким расмий баёнот бермаган, на амалдорларнинг ўзи, на журналистлар.
Энг қизиғи, учала ОАВ ҳам бугун ўз фаолиятини тўхтатган.
Бундан чиқди, сиёсат ва ахборот соҳасини бир-бирига аралаштирмаслик кераклигига сигнал бўляпти шекилли. Яъни сиёсатчи сиёсатини, давлат ишини қилсин, журналистлар ўзини ишини қилсин. Аммо улар бевосита ёки билвосита бир-бири билан қоришиб кетмасин, сиёсатчи журналистни моддий таъминлаб турмасин, холислик хавф остида қолмасин, дейишаётганга ўхшайди.
Ҳозирги воқеалар ривожини тахминан шундай тушундим. Тағин ким билсин, албатта буларнинг барчаси ИМҲО.
👉 @xushnudbek 👈
