ОАВ эркинлиги ва МТРК бюджети ҳақида мулоҳазалар
Иккитаси бирда
Бугун бир-бирига яқин иккита хабар ўқиб қолдим, уларни Сизларга ҳам улашмоқчиман:
1️⃣ ОАВ дегани — фақат МТРК эмас!
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига 2020 йилда давлат бюджетидан (сизу бизнинг ризқимиз ҳисобидан) 420 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилибди!
Қойил! Лекин... шу вақтгача ажратилган бюджет маблағлари ўзини қай даражада оқлади? Жумбоқ эмасми? Эски парламент аъзоларини наҳот шу саволлар қийнамади? ОАВ дегани фақат МТРК ва бир нечта ахборот агентликлари эмас-ку! Унда босма нашрлар мақоми қаерда қолади?
Таклифим, МТРК ва ўша агентликлар ҳам нодавлат телевидениелар ва газетаю журналларга ўхшаб, жиллақурса, бир йилгина ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаб фаолият кўрсатсин-чи, шунда қойил қоламиз!
Норқобил ЖАЛИЛОВ,
«XXI аср» газетаси бош муҳаррири.
@platformauzb
2️⃣ “Тўртинчи ҳокимият” иллюзияси ҳақида
Ўтган асрда коммунистик маконда диктаторлик ва авторитар усулда ҳокимият бошқарилган ўнлаб мамлакатларнинг номида “демократик”, “халқ” сўзларини қўллаш урф бўлган. ГДР, КХДР, ХХР ва ҳоказо. Шу йўл билан йўқ нарсага — халқ ҳокимиятига, демократияга урғу берилган. Яъники қаерда демократия, халқ ҳокимияти бўлмаса, ўша ерда шу қадриятларнинг имитацияси кучайган. Сўз эркинлиги бор мамлакатларда ҳам тўртинчи ҳокимият деган тушунча йўқ. Сўз эркинлиги билан муаммо бор жойларда эса “тўртинчи ҳокимият” энг кўп тилга олинадиган алдамчи тушунчалардан биридир.
Гарчи бизга “тўртинчи ҳокимият” атамаса ёқмаса-да, лекин қачон бундай мақомга эришиш мумкинлиги ҳақида икки оғиз. Тўртинчи ҳокимият амалда бўлиши учун, аввало, ҳокимиятнинг асосий учта расмий тармоғи — ижро, парламент ва суд ҳокимияти тўла мустақил бўлиши, кучли бўлиши ва бир-бирини тийиб тура олиши керак.
Ижро ҳокимияти кучли бўлса-ю, парламент ҳам, суд тизими ўлик бўлса, ОАВ ҳеч қачон эркин бўлмайди. Мабодо кимдир шундай деяётган бўлса, бу ғирт ёлғондир. Ижро ҳокимияти ҳарчанд демократия, сўз эркинлиги ҳақида чиройли гапирмасин, у сўз эркинлигидан ҳеч қачон манфаатдор бўлмайди. Ижро ҳокимияти берган сўз эркинлиги бу сўз эркинлиги эмас. Бунақа сўз эркинлиги бўлмайди. Ҳатто мазкур учта тармоқдан биттаси заиф бўлса, масалан, суд ҳокимияти, ОАВнинг эркинлиги ҳар доим таҳдид остида бўлади. Қирғизистондаги охирги воқеалар бунга мисол.
Иккинчи масала. Қуйидаги скриншотда муқаддам депутатланган бир партия вакили журналистлар муаммоларни ҳал қилиш учун қандай амалий таклифлар билдиргани, қандай муаммоларни ҳал қилгани билан қизиқибди. Бу “зато осмонимиз мусаффо”дан кейин турадиган энг бемаъни ва авторитар режимларда қўл келадиган гапдир.
Журналистлар холис ва ҳаққоний ахборот бериш, учта ҳокимиятнинг сўзи ва амали мослигини текшириш, жамоатчилик илғаши қийин бўлган масалаларни атрофлича ёритиш орқали жамоатчиликка ёрдам беради. Жамоатчилик ана шу ахборотлар ёрдамида сайловларда депутатларни сайлаш орқали уларга яна ишонч билдиради ёки сайламасдан жазолайди. Янги парламент орқали эса жамоатчилик ҳукуматни назорат қилади, унга эътирозини айтади, мандатини беради. Демократия ўзи шу.
Учинчи масала. Қачон мамлакат тараққий этади? Инсоният давлатчилиги шуни исботладики, ҳамма ўз ишини қилса, яъни депутат ҳам, ҳукумат ҳам, суд ҳам ўз ишини қилса, прокуратура сектор билан эмас, қонун устуворлиги билан шуғулланса, университет, мактаблар талаба-ўқувчиларнинг сочи, шимининг узунлигини ўлчамасдан, фақат таълим бериш билан шуғулланса, тараққиёт бўлади. Журналист ўз ишини қилса ва сифатли қилса, аслида давлатга 420 миллиард сўм сарфлаб тарғибот машинасини ушлаб туришга ҳожат қолмайди.
ИМҲОнинг индаллоси шундаки, ҳамма ўз ишини қилсин.
@davletovuz
👉 @xushnudbek 👈

