ОТМга кириш учун минимум балл чегараси эслатилди
Xushnudbek.uzMatn3 daqiqa0tahrirlanganКўпчилик сўраётган саволга жавоб: минимум балл борми?
Ҳар йили тест синовларида минимум балл чегараси қўйилади. Яъни абитуриентлар билими орқали нафақат ўзгалар билан, энг аввало ўзи билан ҳам курашиши керак. Агар абитуриент минимум баллни тўплай олмаса, унда ҳаттоки квотада жой бўлса ҳам, у талабаликка қабул қилинмайди.
Эшитишимга қараганда, бу минимум балл тест синовлари жорий этилган дастлабки йилларда максимал баллнинг 50%и бўлган экан. Яъни максимал балл 226,8 бўлган бўлса, 113,4 баллдан кам тўплаганлар жой бўлса ҳам қабул қилинмаган. Аммо бу талаб туфайли жуда кўп квоталар тўлмасдан, бўш қолиб кетгани учун, ноилож минимум талабни 30% га туширишган экан.
Жорий йилда ҳам минимум талаб худди аввалги йиллардагидек:
Тўлов-контракт учун – 56,7 балл;
Давлат гранти учун – 68 балл.
Бу нима дегани?
Аниқ мисол билан тушунтираман.
Пастда ўтган йили мандат сайтида эълон қилинган натижаларнинг расмлари акс этган. 1-расмдаги Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтининг «Электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари» йўналишининг рус гуруҳига ўтган йили жами 24 та квота ажратилган. Шундан 4 та грант, 20 та контракт.
Лекин натижаларга қарасак, 22, 23 ва 24-ўриндаги абитуриентлар 56,7 баллдан кам тўплаганини кўриш мумкин. Демак, улар гарчи квота ичида турган бўлса ҳам талабаликка қабул қилинмайди.
2-расмга қаранг. Самарқанд ветеринария медицинаси институти «Биотeхнология» йўналишида Андижон вилояти учун давлат грантига 1 та мақсадли қабул квотаси ажратилган. Ўша 1 та ўрин учун ўтган йили 10 киши ҳужжат топширган. Лекин 10 нафар абитуриентнинг барчаси 68 баллдан кам тўплаган. Демак, ўша давлат гранти учун ажратилган 1 та ўринга ҳеч ким кира олмайди. Бўш қолади.
Минимум балл дегани шунақа бўлади. Тўғрисини айтсам, ҳамма саволга таваккал фақат 1 та вариантни белгилаб чиққанлар омади келиб 70-80 балл оладиган бир замонда ёшларимизнинг атиги 56,7 балл тўплай олмаслиги бизни хавотирга солиши керак, албатта. Аммо наилож, қозонда бори чўмичга чиқади.
Савол туғилиши мумкин, 56,7 баллдан кам тўплаганлар энди ўқишга кира олмайдими?
Кириши мумкин. Молиявий имконияти борлар супер-мупер контракт орқали (яъни оддий супер контрактнинг 2 баравари) камида 20 баравардан 50 бараваргача бўлган контрактни тўлаб (йўналишига қараб), талаба бўлишлари мумкин. Батафсил: t.me/xushnudbek/6917
❗️Шу ўринда яна бир гап: ҳатто 56,7 балл ҳам тўплай олмаган ёшларнинг гапларини ўқисангиз, аксарияти фақат нолишни уддалайди. «Молиявий имкони йўқлар нима қилсин, ҳамма нарса бойлар учун эканда, улар ўқийдию, биз ўқий олмаймизми, айбимиз камбағаллигимизми?» деб [ғиж-ғиж имло хатолари билан] ёзишади.
Уларга жавобим: айбингиз камбағалликда эмас, билимсизлигингизда. Озгина ихлос ва хоҳиш билан қўлингизга китоб олганингизда эди, бемалол бюджетга ҳам кирардингиз.
Ҳаммаси ўз қўлингизда, ишонинг. Қишлоқларимизда репетитор тугул, оддий дарслик китобларга зўрға пул топаётган оилаларнинг ўғил-қизлари ҳаракат қилиб, интилиб 189 балл олишяпти. Айбни ўзгалардан эмас, энг аввало ўзингиздан қидиринг.
Саломат бўлинг. Барча билимлиларга, билим олишга иштиёқи борларга омад тилайман!
‼️UPD: дарров ҳовлиқиб, "ўқишни баллари чиқибди, Хушнудбек эълон қилди", деяётганларга эслатма: тепада ҳам бир неча марта ёздим - расмдаги ўтган йилги баллар. Ўтган йилги. 2019 йилги. Бу йилги эмас. 2020 йилги эмас.
👉 @xushnudbek 👈


