Мактаб медали учун тест синовларида имтиёз берилмайди

Matn25-fevral, 2019, 17:102 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Олтин ва кумуш медаль олган ўқувчиларга тест синовларида имтиёз берилмайди

Халқ таълими вазирлиги баъзи Telegram каналларида эълон қилинган хабарларга муносабат билдирди.

Вазирлик айтишича, олтин ва кумуш медаль бериш тартибига оид Низомни баъзи Telegram каналлар нотўғри талқин этмоқда, яъни олтин медаль олган мактаб битирувчисига кириш имтиҳонларида тўплаган умумий балига 50 фоиз, кумуш медаль олган мактаб битирувчисига эса 30 фоиз балл қўшиб берилишига оид нотўғри маълумотлар чоп этилган.

Аслида Низомда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилмаган.

«Шу ўринда таъкидлашимиз жоизки, олтин ва кумуш медаллар аъло баҳоларда ўқиган ўқувчиларга берилишини инобатга олсак, кириш имтиҳонларида имтиёзли баллар берилмасада, ўз билимларини кўрсата олишлари лозим. Қолаверса, Халқ таълими вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун талабгор ёшларга тенг имкониятлар тақдим этиш тарафдори», - дейилади хабарда.

Вазирлик олтин ва кумуш медаллардан кўзланган мақсад ўқувчиларни таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборатлигини таъкидлаган.

P.S.: Ҳа, мен ҳам имтиёзларга қаршиман, барча тенг бўлгани маъқул.

Айтганча, олий таълим тизимида ҳам халқ орасида «қизил диплом» номи билан аталадиган, устки ғилофи қизил рангда, ичига эса «имтиёзли диплом» деб ёзилган диплом берилади. Лекин бу дипломлар ҳам ҳеч қандай имтиёз бермайди. Агар мақсад шунчаки талабаларни рағбатлантириш, уларга мотивация бериш бўлса, унда олий таълим тизимида ҳам мактаблардаги каби олтин ва кумуш медаллар жорий қилиш керакдир балки. Лекин аслида ҳеч қандай имтиёз бермайдиган «имтиёзли диплом»ларни топшириш мантиққа тўғри келмайди, кулгили ҳатто.

Бу ҳақида бир пайтлар мақола ҳам ёзган эдим. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шу ҳақида ўйлаб кўрса, ёмон бўлмасди.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

  • 👍 1
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek