Талабаларнинг ҳурмати ва таълимдаги муаммолар ҳақида

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn3 daqiqa0tahrirlangan

Талабаларнинг ҳурмати ҳақида

Яқинда бир гап эшитдим. Тошкент Халқаро Вестминстер университети раҳбарияти талабалардан келиб тушаётган кўплаб таклиф ва эътирозларни инобатга олиб “автотранспортлар тураргоҳи хизматчиси”, бошқача айтганда “стоянщик” деган янги ходимни ишга олибди. Бунга сабаб университет атрофида талабалар машинасини қўйишга қийналаётган экан, шунингдек улар дарсга кириб кетганда баъзан машиналарига талафот етаётган экан. Шу сабабли маъмурият университет ҳисобидан қўшимча пул тўлаб, битта назоратчи ёллашга мажбур бўлибди.

Хўш, энди худди шу вазиятни ўзимизнинг давлат ОТМларида тасаввур қилиб кўрайлик. Талабалар ректорга шунақа шикоят қилса, яъни “машиналаримизни қўйишга қийналяпмиз, дарсга кириб кетганимизда жой торлигидан бошқалар машиналаримизни туртиб, зиён етказиб кетишяпти, шу муаммони ҳал қилинг” дейишса, қандай натижа бўлар эди, деб ўйлайсиз? Тахмин қилиб кўраман, бизнинг ректорлар ҳам эртасигаёқ буйруқ чиқарарди. Фақат бу буйруқ... ўқишга машина ҳайдаб келишни тақиқлаш ҳақида бўларди. Машина билан келган талабаларни дарсга киритмаслик, уларга н/б қўйиш ҳақида бўларди. Худди галстуксиз талабани дарсга киритмасликка ўхшаган аҳмоқона қарорлар каби.

Фарқни сезяпсизми?

Ҳа, бизда шунақа. Талабанинг қадри йўқ. Бунинг бир нечта факторлари бор. Бу ҳақида кўп гапириш мумкин. Баъзиларига тўхталаман.

👉 Биздаги таълим тизими шунақа йўлга қўйилганки, унда талабанинг роли минимумга туширилган. Улар университет ҳаётига оид қарорлар қабул қилишда мутлақо иштирок этмайди. Ҳаммаси уларнинг иштирокисиз ҳал қилинади. 100 та талаба ўқиса ҳам бюджетдан шу ойликни олади, мингта талаба ўқитса ҳам. Қайсидир талаба бор бўлса ҳам ойлик нақд, талаба йўқ бўлса ҳам. Умумий олганда шунақа.

👉 Яъни талабага истеъмолчи сифатида қаралмайди. Талабанинг олдида ректор ва ўқитувчилар мажбурият ҳис қилмайди. Талабалар ҳаттоки ўқув режадаги танлов фанларини ҳам танлашмайди, тасаввур қиляпсизми? Ҳар бир ўқув режасида танлов фанлари бўлади, яъни талабалар ўзига кераклисини танлаши керак. Лекин талабалар учун бу ишни деканат ёки ўқув бўлими ҳал қилади.
Қачонки талабалар қайси фан ва қайси ўқитувчи дарс ўтишини ўзлари танлашса (айрим мажбурий мутахассислик фанларидан ташқари), ана ўшанда уларга бошқача кўз билан қараш бошланади, ўқитувчилар ўз устида ишлашни бошлайди. Бошқача айтганда, аслида талабалар ўқитувчилар учун салкам иш берувчи мақомида бўлиши керак.

👉 Талабаларнинг ўзида ҳам айб бор. Юртимиздаги миллионлаб фуқаролар “мен солиқ тўловчиман, тўлаган солиқларим учун мана бундай шароит қилиб беришга мажбурсан” деб ҳукуматдан талаб қилишга ҳуқуқий онги етмаётганидек, талабалар ҳам “тўлаётган контрактим эвазига менга мана бунақа шароит, сифатли таълим керак” деб талаб қилишмайди. Бир амаллаб дипломни олишса-ю, шу даргоҳдан қутилиб чиқса бўлди. Уёғи бир гап бўлар. Тўғри, танганинг бошқа томони ҳам бор - мабодо қайсидир бири шунақа талаб қилса, барибир ўзгариш бўлмайди, аксинча унинг ўзи тақибга олинади, сессияда қийноқларга дучор қилинади.

👉 ОТМларда молиявий эркинлик йўқ. Яна юқоридаги мисолга қайтамиз. Кенг дунёқарашга эга бўлган давлат ОТМи ректори талабаларнинг таклифини бажонудил қабул қилмоқчи ҳам дейлик. Унда ОТМ ҳисобидан стоянщик ёллашга имкон борми? Ҳечамда! Бир дона қалам сотиб олишни ҳам тегишли молиявий идораларсиз ўзи ҳал қила олмаса керак. Қилиб кўрсинчи, КРУ деган ваҳимали ташкилот бўйнига бир неча миллион талон-торожни илиб кетади.
Шу сабабли ҳам юртимизда давлат ОТМларига босқичма-босқич молиявий мустақиллик берилмоқда, ва бу жуда тўғри қарор. Ҳамма ўзини аравасини ўзи тортса, ана шунда сифат ҳам секин-аста кўтарилишни бошлайди, чунки кучсизлар бозор шароитида касод бўлади.

Буларнинг барчаси ИМҲО.
Майли, ҳаммаси яхшиликка бўлсин. Таълимдаги охирги ўзгаришлардан кейин умидимиз яна жонланди, биз ҳам сифатли таълимга етишамиз бир кун.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek