Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятидаги шаффофлик
Xushnudbek.uzMatn3 daqiqa0Бу эса – бизнинг Олий Мажлис биноси. Ҳозир ушбу бинода Парламентимизнинг қуйи палатаси, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари доимий равишда ишлайди.
👉 Атрофлари панжаралар билан ўралган. Биноку майли, ҳатто ҳовлисига ҳам оддий халқ вакили тугул, унча-мунча вазирларнинг кириши қийин. Туристларники гапирмаса ҳам бўлади.
👉 Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қайси қонунлар муҳокама қилинганини, муҳокама жараёнида нима гаплар бўлди, партиялар ўз электорати манфаатини кўзлаб, нима таклифлар беришдию, нималарга қарши чиқишди - буларни батафсил билиш қийин. Фақат “Ахборот”даги 2-3 дақиқалик лавҳаларда кўрамиз холос. Ҳа, охирги пайтда Палата сайтида ҳам янгиликлар кўпроқ берилишни бошлашди, лекин унда ҳам қисқа маълумотлар. Масалан, 30 ноябрь кунги йиғилишда пропискага оид айрим тартибларга ўзгариш киритиш ҳақидаги қонун қабул қилинган экан, аммо бу ҳақида Палата сайтида лом-мим дейилмаган. Шунчаки «ва бошқа қонунлар ҳам муҳокама қилинди» дейилибди.
👉 Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Парламентни кескин танқид қилганидан сўнг, Сенат ва Қонунчилик палатаси йиғилишлари жонли эфирда кўрсатилади, деган гап-сўзлар чиқди. Ҳа, ёлғон бўлмасин, 1-2 марта кўрсатилди ҳам. Аммо кейин бу ҳақида ҳамма унутди. Нима ўша бир марталик жонли эфир шунчаки хўжакўрсинга бўлганмиди ёки?
Нима учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлислари жонли эфирда кўрсатилмаслиги керак? Майли, жудааа жонли эфирга тайёр бўлишмаса, унда ҳеч бўлмаса, монтаж қилинган ҳолда 1-2 соатлик кўрсатув қилиб беришса бўлмайдими?
Фуқароларимиз қонунларни билмайди, ўзгаришлардан бехабар, ҳуқуқий маданияти паст, дея соатлаб ТВларда ваъз қилишни биламизу, лекин уларга қонунчилик ҳаёти билан танишиш учун шароит яратмаймиз. Яна ким айбдор, оддий халқ айбдор...
👉 «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида «биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади», дея белгиланган.
Қонунчилик палатаси сайтини кузатар эканмиз, “Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари” деган бўлимда 2018 йил учун атиги 3та қонун лойиҳаси жойлаштирилган холос. Улар ҳам биттаси январда, биттаси майда, биттаси ноябрда. Қолган қонун лойиҳалари қани? Шуми шаффофлик?
Биз сайловчи сифатида ортиқча нарса сўрамаяпмиз, шунчаки «Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги Қонун талаблари нима учун бажарилмаяпти, деб савол беряпмиз холос. Балки айМаклар олиб берилгандан кейин, лойиҳаларни сайтга жойлашни бошлашар, унгача имкони бўлмагандир. Ким билсин...
👉 Юқоридаги сўровномада 88% овоз берувчилар Парламент фаолиятидан қониқмаслигини айтишибди. 10% эса қисман қониқтиради, деган. Атиги 2% овоз берувчилар “Ҳа, қониқаман” дейишибди. Бу натижалар бежизга эмас.
Сенатор ва депутатларимиз ҳам бу натижалар ҳақида бош қотириб кўришса, ёмон бўлмасди. Ишқилиб «1 йиллик муддатимиз қолди, кейин ким бор, ким йўқ (депутатликда)» дея бепарволикка берилишмайди деган умиддамиз. 1 кун муддатингиз қолса ҳам халқ манфаати учун сидқидилдан меҳнат қилишингизни сўраймиз. Германиядагига ўхшаб “бошингизга чиқармасангиз” ҳам майли...
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ


