Xushnudbek murojaatlarga javob berish imkoniyati haqida
Озгина дардимни дастурхон қилай
Кўпчилик «хатимга нега жавоб бермайсиз» деб ёзишади. Айримлар маданият билан, айримлар иддао билан, яна айримлар эса дилни хира қиладиган даражада ҳақорат билан ёзишади бу гапни.
Барчага жавоб қайтаришни чин дилдан хоҳлайман. Олган билимларимни инсонлар билан бўлишишни, уларга бу орқали фойдам тегишини истайман. Навоий бобомиз айтганидай:
Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,
Олиб туфроққами кетгумдир охир.
Лекин азбаройи хоҳласам ҳам, жисмоний имкониятлар бунга имкон бермайди. Сабаби хатлар кўп.
Масалан, @xushnudbekuz_bot ботига 1 августдан буён 7 ярим минга яқин хабар келди (расм пастда).
xushnudjohn@gmail.com почтамда ҳам ўқилмаган 1200 га яқин хат бор.
Facebook орқали келган 300 га яқин хабарга ҳали жавоб бера олмадим.
Буларнинг барчасини шунчаки ўқиб чиқиш учун 10-15 кун вақт керак. Айрим саволларга ўша заҳоти жавоб бериш мумкин, айримларнинг муаммосини эса алоҳида ўрганиш талаб этилади. Қонун ҳужжатларини титкилаш, таҳлил қилиш, хулосаларни умумлаштириш яхшигина вақт олади.
Буларнинг барчасига бир ўзим улгуришим қийин. Айримлар Хушнудбек.уз блоги ортида катта жамоа ишласа керак, ўйлайди. Лекин аслида унақа эмас. Шу чоққача блогларимни ўзим юритганман. Xushnudbek.uz сайтини ҳам, ижтимоий тармоқлардаги профилларимни ҳам, Телеграм каналимни ҳам ўзим юритаман. Техник томондан ёрдам бериб турувчи дўстларим бор, уларга минг раҳмат. Мақолаларимнинг ҳар бир сатри ўзимники, шунинг учун хотиржам юраман.
Боз устига блогерлик мен учун шунчаки хобби, асосий ишим бошқа. Касбий фаолиятимдан вақт ортсагина блогларимга қарайман.
Шуларни кўпчилик тўғри тушунади, айримлар эса бесабаб хафа бўлади.
Илтимос, тушунинг, сизга жавоб бера олмаётганим ва муаммонгизга эътибор қаратолмаётганим, бу буни хоҳламаётганимдан эмас. Шунчаки имконим бўлмаётганидан холос.
«Понять и простить» (с)
Эътиборингиз учун раҳмат.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek
