Миришкор тумани ҳокими ва фуқаро ўртасидаги можаро таҳлили
Ҳокимбобо ва бобо
Бугун асосий муҳокама марказида бўлиб турган воқеалардан бири - Миришкор туман ҳокимининг даладан эгасининг рухсатисиз маккажўхори олаётган («ўғирлаган» дейишга ҳаққим йўқ) 60 ёшлар атрофидаги фуқарога («ўғри» дейишга ҳаққим йўқ) турли ҳақоратомуз сўзларни айтиб, уни изза қилгани тасвирланган видео бўлмоқда. Адашмасам, видео кеча интернетда тарқалди, бугун эса ҳоким узр сўраб чиқди.
Аксарият инсонлар фақат ҳокимни айбдор сифатида кўрсатаётгани шахсан мени ҳайрон қолдиргани йўқ. Чунки юртимизда содир бўлган воқеалар тенденцияси ҳокимлар ва ҳокимият вакилларига нисбатан жуда катта негативни шакллантириб қўйди. Бундан буён ҳокимларнинг ижобий имижини тиклаш осон иш эмас, албатта. Шунинг учун ҳам халқ вакиллари баҳсли вазиятларнинг барчасида бор нафратини айнан ҳокимларга тўкиб солади, воқеанинг бошқа иштирокчилари унутилади.
Эҳтиросларга берилмасдан фикр юритсак, ушбу воқеа бўйича хулоса аниқ — ҳоким ҳам, фуқаро ҳам ноҳақ. Бошқача вариант бўлиши мумкин эмас.
Масалан, бир журналист ўзининг Телеграм каналида «Ҳоким ҳақ – Ҳоким ноҳақ» деган саволлар билан сўровнома уюштирибди. Бунақа савол беришнинг ўзи нохолислик. Бу ерда ҳоким ҳақ бўлиши мумкин эмас, ахир у фуқарони ҳақорат қиляпти-ку. Шу сабабли бу сўровномада «ҳоким ноҳақ» деган жавоб сўзсиз ғолиб бўлади.
Аммо бу ерда фуқаронинг ноҳақлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди, бу ортиқча муҳокама қилинадиган масала эмас. Ўзганинг мол-мулкини яширинча, эгасининг рухсатисиз олиш мумкин эмас. Бу иш диний томондан олсак - гуноҳ, дунёвий томондан эса - жиноят.
Агар сўровномага қўйиш керак бўлса ҳам, «улардан қайси бири ҳақ» деб эмас, балки «улардан қайси бири кўпроқ ноҳақ» дейиш сал мантиққа тўғри келади.
Келинг, ушбу саволга жавоб қидириб кўрамиз. Қайси бирининг айби кўпроқ – ўзганинг мулкини яширинча олаётган фуқароми ёки фуқарони ушбу ноқонуний хатти-ҳаракат устида қўлга олиб, уни ҳақорат қилган ҳокимми? Кимнинг ҳаракати жамиятга кўпроқ зиён келтиради?
Бу борада шахсий фикримни билдирмоқчи эмасман, нохолислик бўлиши мумкин. Келинг, шунчаки қонун нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.
Ҳокимнинг қилмиши:
Ҳокимнинг мазкур ҳаракатини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан квалификация қилиш мумкин, жумладан:
Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш —
энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ҳоким сўнгги бир йил ичида ҳақорат учун аввал ҳам маъмурий жавобгарликка тортилмаган бўлса, унда унинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ. Яъни ҳоким маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган.
Фуқаронинг қилмиши:
Фуқаронинг мазкур ҳаракатини Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан квалификация қилиш мумкин, жумладан:
Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш —
энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, энди ўзингиз учун хулоса чиқариб олаверинг, қайси ҳаракат жамият учун кўпроқ хавф келтиради: ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилишми ёки ўзгани ҳақорат қилишми?
Сизни хулосаларингиз билан ёлғиз қолдираман.
P.S.: ҳокимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида кўп ва хўб ёзганман, буни доимий муштарийларимиз жуда яхши билишади. Туман ҳокимлари уёқда турсин, ҳатто вилоят ҳокимларини ҳам аччиқ танқидларимиз билан аямаганмиз кези келганда. Аммо бу ҳар доим ҳар қанақа вазиятда ҳам ҳокимлар 100% ноҳақ, фуқаролар эса ҳақ дегани эмас. Вазиятга холисона баҳо беришга ҳаракат қилишимиз керак.
👉 @xushnudbek 👈

