Масжидларда ҳайвонларга шафқат қилиш мавзусида маъруза қилинди

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn3 daqiqa0tahrirlangan

​​Инсон бўл, озор берма

Кеча Ўзбекистоннинг айрим масжидларида бўлиб ўтган жума намозининг хутбаси «Ҳайвонлар билан инсоний, шафқатли муносабатда бўлиш» мавзусига бағишланиб, унда мўмин-у мусулмонлар ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли муносабатда бўлиш мавзусида маъруза тингладилар.

Маълум бўлишича, бу мавзу ўз-ўзидан танланмаган, балки «Меҳр ва Оқибат» нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорлиги натижасида бўлган.

Жумладан, маърузада ислом динида турли ҳайвонларни уриштириш, бу ўйинларга пул тикиб қимор ташкил қилиш ва ҳатто томоша қилиш – тақиқлангани, ҳаром ишлиги ҳақида маълумот берилган. Фойдали маълумотлар бўлгани учун улардан айримларини келтирамиз:

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни уриштиришдан қайтардилар» (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифнинг шарҳида муҳаққиқ олим Мулло Алийюл Қори шундай дейдилар:

«Пайғамбаримиз саллалллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонлар бир-бирини шохлаши, тишлаши, босиб-янчиши ёки ўлдириши учун уларни гиж-гижлаш (уриштириш)дан қайтардилар. Бу ҳадисни Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган» («Мирқотул мафатиҳ» китоби).

Динимизда ҳайвонларга ҳам сабабсиз озор, азият ва азоб бериш мумкин эмас. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: «Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!» – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳайвонларни қамаб қўйиб, очликдан ўлдириш – ҳаромдир. Ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган одамнинг охиратда азобланиши ҳақида хабар берилди (Имом Бухорий ривояти).

Динимиздаги ҳайвонларга боғлиқ яна бир асл қоида – уларга раҳм-шафқат кўрсатишдир! Чанқаган итга шафқат кўрсатиб, қудуқдан сув олиб чиқиб берган аёлнинг гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиргани ривоят қилинган (Имом Бухорий ривояти). Саҳобийлар сафарда чумчуққа ўхшаган қушнинг палопонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам палопонларни ўз жойига қайтариб қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳайвонларга раҳм-шафқатнинг бундан ҳам олий даражаси – ҳатто гўшти учун сўйилаётган ҳайвонни ҳам қийнамасликдир. Ҳадиси шарифларда сўйилаётган ҳайвонни қўпол равишда судрамаслик, пичоқни ҳайвонни олдида қайрамаслик, пичоқни ўткир қилиш ва бошқа ҳайвонлар олдида сўймаслик буюрилади. Қўйни йиқитиб қўйиб, пичоғини қайраётган бир кишига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни бир неча марта ўлдирмоқчимисан?!» – деб танбеҳ бердилар (Имом Ҳоким ривояти). Фатво китобларда агар зарар етказмаса, ҳашаротларни ҳам беҳуда ўлдириш мумкин эмаслиги зикр қилинган.

Ҳайвонларга мана шундай меҳр шафқат билан муомала қилишга буюрган шариатимиз, уларни уриштириб қийнаш ва азоблаш, томошабин бўлиш ва бу ишга пул тикиб қимор ўйнашдан қаттиқ қайтарган.

P.S.: «Меҳр ва Оқибат» ННТ ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича кўп ишларни амалга оширади. Масалан, менга уларнинг кўчаларда илинган креатив баннерлари жуда ёқади. «Инсон бўл», «Озор берма» умумий шиорлари остидаги ушбу баннерларда ҳайвонларга меҳрибон бўлиш тарғиб қилинади. Жума намозида бу мавзуни олиб чиқиш фикри ҳам ана шундай оригинал усуллардан бири бўлибди. Барча соҳалардаги фуқаролик жамияти институтлари мана шу каби фаол бўлишларини тилаб қолар эдим.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek