Мактаб формаси ва таълимдаги муаммолар муҳокамаси
Муҳрим ўз каналида ёзяпти:
«Умуман олганда, ягона форма — жуда қизиқ мавзу. Икки йил аввал: «Мактабда ҳаммани иложи борича бир хил кийинтира билишимиз керак», — дейилган эди, шундан сўнг ҳаракат бошланганди. Яқинда: «Мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз», — деган баёнот берилди. Ғирт бошқотирма вазият (айниқса, форма масаласидаги гаплар бошланишидан аввал халқ таълими тизимидан узоқда бўлган вазир Шерматов учун), шундай эмасми? Ундан ҳам бошқотирмароқ вазият бор.
Мана, бош вазирга Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси очиб берилди. Ҳеч ким ечолмаган муаммони бош вазир ҳал қилиши керак. Яқинда чиққан баёнотдан сўнг ягона мактаб формаси 2019 йилдан мажбурий бўлмаслиги ҳам, форма тикишни бошлаб қўйган айрим тадбиркорлар (жиддий) зарар кўриши ҳам аниқ бўлди. Тадбиркорлар бош вазир қабулхонасига чиққан, бош вазир эса қўл остидаги масъул (Шерматов)га муаммони ҳал қилиш ҳақида топшириқ берган, тушунишимиз бўйича.
Қизиғи, бу муаммо ҳал бўлиши, тадбиркорлар бахтиёр бўлиши учун форма, ўтган йили айтилганидек, мажбурий бўлиши керак (йўқса, ҳали сентябрда: «Мактабда мажбурий равишда форма сотишяпти, директор олмаганингга қўймайман, деяпти», деган гаплар бошланади, худди мактабларда концертларга чипта сотиш воқеаларидагидек). Хуллас, атрофимизда мана шунақа бошқотирмалар. Ва бу бошқотирмаларга вазир Шерматов, менимча, ўзи хоҳламай, ҳатто ўзи бехабар аралашиб қолган (агар бошидан халқ таълимига ўзи раҳбар бўлганида, менимча, форма ҳақидаги гаплар яқин уч-тўрт йилда кўтарилмаган ҳам, чиқмаган ҳам бўларди).
UPD. Бу — вазир Шерматовни форма масаласида қаттиқ танқид қилиб ташлаш инсофдан эмаслиги ҳақида пост эди. «Элитний» мактабларга айрим ўқувчиларни пул эвазига қабул қилиш ҳақидаги қарор бўйича эса вазир билан баҳслашиш мумкин, лекин кўнглингни бир четида бу масалада ҳам уни тушунгинг келади — вазир бир ўзи мактаблардаги коррупцияни йўқ қила олмайди, коррупцияга қарши курашиши керак бўлган айрим валломатларнинг мактаб директорларига «йўқ деб бўлмайди»ган илтимосли (баъзан буйруқли) қўнғироқларига қарши кураша олмайди. Буям бир пост учун алоҳида мавзу, сал кенгайтириб ёзмаса, нотўғри талқинлар кетиши мумкин».
Пост тугади.
P.S.: форма масаласида ҳам, Тошкентдаги айрим мактабларнинг айрим шахслар учун тўлов эвазига ўқувчи қабул қилиши масаласида ҳам ўз фикрларим бор, аммо уларни ёзишга сира вақт бўлмаяпти. Ёзаман деб ният қилган 30 га яқин мавзу каби навбат кутмоқда. Муҳримнинг фикрлари позициямга айни ўхшашлиги учун улашиб қўя қолдим.
👉 @xushnudbek 👈
