Ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишдаги муаммолар

Matn3-oktabr, 2018, 23:093 daqiqa0 koʻrish

#Муштарийдан_мактуб

Кечаги 5 баҳолик тизим тўғрисидаги Низомни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни ҳақида ёзган постим бўйича келиб тушган хат:

«Ассалом алайкум. Хушнудбек ака, ҳозир телеграмдаги каналингизда эълон қилинган хабарни ўқиб, кўпчиликни хабари бўлмаган баъзи ҳолатлар ҳақида маълумот бермоқчи эдим.

Айтиб қўйишим керак, мен бир неча йил олдин Адлия вазирлигида қуйи лавозимлардан бирида (энг қуйисида) ишлаганман ва айни пайтда мазкур вазирликда ишламаяпман.

Одатда муайян ҳужжатни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва давлат рўйхатини кечикиши шу ҳужжатни ишлаб чиққан вазирлик, давлат қўмитаси ва бошқа идора йўл қўйган камчиликлар сабаб бўлади. Мисол учун, агар ҳужжатнинг биринчи бетида, яъни тегишли ташкилотнинг раҳбари имзо қўйган бетида имловий ёки бошқа ҳар қандай хато қилинган бўлса, бундай хатони ишчи тартибда тўғрилаб бўлмайди. Шунга кўра, ҳужжат 2565-сон билан рўйхатдан ўтказилган адлия вазирининг буйруғига асосан давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши учун асос бўлиши мумкин.

Лекин агар бу ҳолатда ҳужжат рад этилса, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тегишли буйруғи 10 кун ичида бекор қилиниши керак ва Адлия вазирлигига қайта киритилиши керак. Буни аниқ жараёни бундан ҳам мураккаброқ. Рад қилиш ҳақидаги хат ишлаб чиқилади, унда буйруқдаги барча камчиликлар айтиб ўтилади, олий таълимга юборилади. Олий таълимдаги ижрочига бу ҳужжат камида 4-5 кунда етиб боради. Аввалги ижрочи хатоси учун ҳайфсан олади (одатда шунақа). Ҳужжатни ишлаб чиққан ташкилот айтилган камчиликларини инобатга олиб, тахминан 10 кунда (бу ҳам аниқ муддат эмас) қайта ишлаб чиқади, кейин у яна қайта Адлия вазирлигига юборилади. Бу ҳужжат Адлия вазирлигининг ижрочисига етиб борганча яна бир неча кун ўтади.

Муаммо биринчи бетда бўлмаслиги ҳам мумкин. Одатда ҳужжатда кўп камчиликлар кузатилар эди. Очиғи ҳайрон қолар эдим, бир неча йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар шунчалик кўп хато қилишига. Камига юристларнинг хулосаси ҳам бор.

Тахминан 5-6 бетлик ҳужжатлар тўлиқ ишлаб чиқилиб, давлат рўйхатидан ўтказиб, эълон қилгунгача биз ўйлаганимиздан анча кўп вақт кетиб қолади. Хуллас, ҳужжатлар айланиши тартиби, ижро интизоми каби ҳолатларда кўп камчиликлар бор назаримда. Оддийгина, тегишли ҳужжат бир ташкилот ижрочисидан иккинчи ташкилот ижрочисига етиб боргунча тахминан 5 иш куни (бир ҳафта) йўқотилади.

Бундан ташқари, айнан қонунчилик бошқармасидаги ходимлар соат 11-12 гача ишлайди (дам олиш кунларисиз). Чунки ҳафтада тахминан 15-20 та идоравий норматив ҳужжат, бир нечта фуқаро мурожаатлари қабул қилинади ва янги қабул қилинган юқори турувчи органларнинг қарорлари идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларга мувофиқлаштирилиши учун юборилади. Лекин бу ҳам бошқармадаги иш ҳажмининг ҳаммаси эмас.

Хуллас, айтмоқчи бўлганим уларга ҳам осон тутмаслик керак, назаримда. Чунки улар шу ишни деб шахсий ҳаётидан деярли бутунлай воз кечган.

Мақсадим Адлия вазирлигини мақташ эмас. Ҳозир у ерда ишламайман, ўзим хоҳлаб кетганман бир пайтлар. Лекин, мисол учун, мен шунчалик ишласам-у, кимдир жисмоний имкониятим доирасида бўлмаган ҳолат учун мени танқид қилса алам қилган бўларди. Яна билмадим. 30 кунлик ижро муддати берилар эди ва бошқарма бошлиғи муддат ўтказмаслигига, қўшимча муддат олинмаслигига қаттиқ ҳаракат қиларди.

Хуллас, Адлияда иш кўп, ўрганиш кўп вақтни олади, сизга айтишга осон 😄Бу албатта ҳазил»

P.S.: Танганинг икки томони бор, масалага ҳар томондан холисона назар ташлашга ҳаракат қилиш керак. Шунга кўра ушбу хатни эълон қилишни маъқул деб билдим.

Айбдорни топиш – вазифам эмас. Айбдорни топгандан фойда ҳам йўқ, деб ўйлайман, бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Бирор масалани кўтариб чиқар эканман, ҳеч қачон айни кимнидир ҳақ, кимнидир ноҳақ сифатида кўрсатиш мақсадини кўзламайман. Мақсадим мутлақо бошқа. Келгусида шу ҳолатлар такрорланмаслиги, агар ҳақиқатда муаммо борлиги рост бўлса, унда келажакда тизимни ўзгартиришга туртки беришни олий мақсадим деб ҳисоблайман. Ҳар ҳолда одамларни ўзгартиришдан, тизимни ўзгартириш осонроқ ва самаралироқ.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek