Жисмоний шахслар учун мол-мулк ва ер солиғини тўлаш тартиби

Matn7-oktabr, 2019, 14:372 daqiqa0 koʻrish

​​МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҒИНИ ТЎЛАШНИ УНУТМАНГ!

Солиқ кодексининг 272- ва 287-моддаларига асосан, эгалигида солиқ солинадиган мол-мулки ва ер участкалари бўлган жисмоний шахслар ҳамда деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари тўловчилари ҳисобланади.

Муддати қачон?

Жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини 15 октябрдан кечиктирмай тўлаши лозим.

Ўз вақтида тўланмаган солиқ суммасига ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня ҳисобланиб, қарздорлик суд тартибида мажбурий ундирувга қаратилади.

Қаерга ишлатилади?

Жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари маҳаллий бюджет даромадларини тўлдириб, шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уй-жой коммунал хўжалик объектларини таъмирлаш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, шу билан бирга аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга сарфланади.

Қанча солиқ тўлаш керак?

Қанча солиқ тўлаш кераклигини солиқ идораларида мутахассислар ёрдамида ҳисоблатишингиз керак. Шунингдек, Солиқ қўмитасининг электрон порталидаги қуйидаги ҳавола орқали мустақил ҳисоблаб кўришингиз мумкин.

https://my.soliq.uz/calc/property/data?lang=uz

Мисол учун, ушбу калькулятор Тошкент шаҳрида жами 70 кв.м майдонга эга ва кадастр қиймати 200 млн сўм этиб белгиланган турар жой учун 2019 йил ҳисобидан 400 минг сўм мол-мулк солиғини тўлаш лозимлигини кўрсатмоқда.

Онлайн тўласа бўладими?

Ҳисобланган солиқларни исталган банк бўлимлари орқали ёки CLICK, U-PAY, MBANK ва PayMe тўлов тизимлари ёрдамида мобил телефон ёки интернет орқали онлайн режимда ҳам тўлашингиз мумкин.

Кимларга имтиёз берилган?

Солиқ кодексининг 275-моддасига биноан, қуйидагиларнинг мулкида бўлган мол-мулкка жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ солинмайди:

1) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени (“Шуҳрат” медали эмас) билан тақдирланган фуқароларнинг;
2) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахсларнинг;
3) ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёлларнинг;
4) пенсионерларнинг;
5) I ва II гуруҳ ногиронларининг;
6) собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ота-оналарининг ва бева хотинларининг (бева эрларининг);
7) энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар — муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek