ЖИДУ ректори тайинланди ва қабул тартиби ўзгарди
ЖИДУ ҳақида икки оғиз
Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида Ҳукумат қарори билан Абдужаббор Абдусатторович Абдувоҳидов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ректори вазифасини бажариш юклангани маълум қилинди.
Сал аввал Kun.uz нашри ўз манбаларига таяниб, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳидовни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳақида ёзган эди.
Тушунишимизча, Президент давлат маслаҳатчиси бир пайтда ЖИДУ ректори в.б. вазифасини ҳам бажариб турса керак. Балки бу вақтинчаликкадир, яъни токи ректорликка асосий номзод тасдиқлангунгача. Балки доимий равишда шундай бўлар, яъни Юридик университет ректори бир пайтда Адлия вазири ўринбосари бўлади, дегандек. Лекин бу тахминлар холос, ҳозирча расмий маълумот берилмади.
Шунингдек, кеча ЖИДУ ҳақида яна бир муҳим қарор эълон қилинди. Яъни Lex.uz порталига Вазирлар Маҳкамасининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори жойлаштирилди.
Қарорда ЖИДУ бакалаврига ҳужжатлар 15 июндан 5 июлгача қабул қилиниши, кириш имтиҳонлари 2-босқичда бўлиши, 1-босқични Университетнинг ўзи ўтказиб, ундан ўтганларгина ДТМ ташкил қиладиган тест синовларига кириши, 1-босқичдан ўта олмаганлар эса, тестларга қўйилмаслиги ва бошқа ОТМларга ҳужжат топшириш ҳуқуқини сақлаб қолиши ҳақида ёзилган.
Бундан ташқари ЖИДУ магистратурасига қабул қилиш тартибида фақат 2 та фандан, яъни мутахассислик ҳамда чет тилидан имтиҳон топширилиши баён қилинган.
Ўзи миш-мишларга қараганда барча ОТМлардаги магистратура босқичига фақат махсус фан ва чет тилидан имтиҳон бўлиши мумкин экан. Демократик жамият қуриш назарияси ва информатика фанидан имтиҳон олиб ташланиши мумкин, дейишмоқда. Ҳозирча бу расман тасдиқлангани йўқ.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

