Биринчи кунги тест натижалари эълон қилинади

Matn2-avgust, 2018, 08:542 daqiqa0 koʻrish

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов Фейсбукдаги саҳифасида 1-кунда бўлиб ўтган тест натижалари бугун куннинг иккинчи ярмида dtm.uz сайтида эълон қилинишини маълум қилди.

Тест синовларининг биринчи куни республикадаги 23 та олий таълим муассасаларида тест жараёнлари бир вақтда 1-сменада 8.00дан бошланиб, 11.30га қадар ва 2-сменада 15:00 дан бошланиб, 18:30 га қадар тўлиқ якунланди.

Ёзнинг чилласида ота-оналарга янада қулайлик яратиш мақсадида илк бор тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди.

Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 2 минг 434 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди.

Тест синовларида 23 та олий таълим муассасаларининг 154 та таълим йўналишида
58 минг 985 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 1393 нафар абитуриент тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 255 нафар абитуриент, шундан 179 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун,
76 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Фарғона водийсидан кечаси 2:30да етиб келди.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади.

Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда тест материалларини қайта ишлайди.

Шу билан бирга, тест синовларининг 1-куни айрим ижтимоий тармоқларда гўёки тест саволларининг ташқарига чиқиб кетганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқатилган. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилди.

Шунингдек, айрим биноларда тест жараёнларини онлайн кузатиш учун қўйилган мониторлардаги тасвирларни узилиб қолиш ҳоллари ахборот технологиялари соҳасининг малакали мутахассислари томонидан зудлик билан бартараф этилди ва бундай ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик чоралари кўрилди.

1 август тест натижалари 2 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.

Республикада тест синовлари 1-15 август кунларига режалаштирилган ва ташкил қилинган тизим бўйича ишлар давом эттирилади.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek