Ишончномасиз машина бошқариш тартиби ҳақида тушунтириш
Ишончномалар бекор бўлдими? ЙЎҚ!
Бугун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Адлия ҳамда Ички ишлар вазирлигининг «Автотранспорт воситаларини тасарруф этиш ва уларни бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни расмийлаштириш бўйича» кўрсатмани ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Кўпчилик ҳайдовчилар ушбу лойиҳани ва унинг асосида ОАВларда чиққан хабарларни нотўғри талқин қилишмоқда.
Айримлар энди бутунлай ишончномасиз ҳам машина ҳайдаш мумкин экан деб ўйлаётган бўлса, яна айримлар яқин қариндошлар ўртасида ишончномасиз бошқариш мумкин бўлибди, деб тушунишмоқда.
Лекин иккала тасаввур ҳам нотўғри. Бугун жойлаштирилган лойиҳа мутлақо бошқача мазмунга эга.
Яъни лойиҳага кўра, нотариусдан олинган ишончномаларнинг 1 нусхасини 10 кун ичида ҳудудий ДАН бошқармаларида қолдириш тартиби акс этган кўрсатма бекор қилинмоқда. Аммо яна бир томони — мазкур тартиб амалда аллақачон бекор бўлган, ҳозирда шундоқ ҳам нотариусдан олинган ишончноманинг бир нусхасини ГАИга олиб бориш шарт эмас.
Адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, бу тартиб 2 йил олдин, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 31.08.2017 йилдаги 683-сон қарори билан бекор бўлган ва нотариуслар бу ишончномани ГАИга электрон тарзда ўзлари юборади.
Шунинг учун ҳам кучини йўқотиши белгиланаётган кўрсатма аллақачон ўз аҳамиятини тўлиқ йўқотган.
❗️Шу сабабли ҳайдовчиларни огоҳлантириб айтар эдикки, ишончномасиз машина бошқариш мумкин бўлди, дея нотўғри тушуниб, қоидаларни бузиб қўйманг. Жарима тўлашингизга тўғри келади.
Маълумот учун айтиш жоиз, машина бошқариш учун яқин қариндошлар ўртасида ишончнома бериш тартиби 1 октябрдан бекор қилиниши режалаштирилмоқда.

