Ипотека-банк ва Paysend онлайн пул ўтказмаларини йўлга қўйди
“Ипотека-банк”дан инновацион янгилик!
Бугун “Ипотека-банк” АТИБ таклифига биноан, Ўзбекистон карталарига онлайн халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш имкониятини берувчи ажойиб лойиҳа тақдимотида иштирок этдим.
Ушбу лойиҳа «Paysend» инновацион хизмати ҳамда PAYMO техник интегратори ёрдамида амалга оширилмоқда.
Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, бу лойиҳа ўзбеклар учун нима беради?
Биламизки, миллионлаб юртдошларимиз хорижда меҳнат қилишади. Ва хориждан тез-тез оиласига пул юборишади. Одатда улар пул ўтказмаларига ихтисослашган сервислардан фойдаланади.
Аммо бунинг ноқулай томонлари кўп. Пул юборувчи ҳам, пул олувчи ҳам банкка бориш керак. Демакки, фақат иш кунлари, маълум бир соатлардагина пулни олиш мумкин. Навбатда туриш керак. Паспорт бўлиши керак. Баъзан яна қўшимча ҳужжатлар сўралади. Махсус кодни билиши керак. Ва ҳ.к.
Ушбу лойиҳада эса хорижий давлатда очилган карталардан пулларни осонгина Ўзбекистоннинг исталган банкларида очилган пластик карталарга онлайн ўтказиш мумкин. Тизим 24/7 режимида, яъни туну кун ишлайди. Ортиқча ҳужжат ҳам шартмас, шунчаки пластик карта номерини билса кифоя. Пул картада ўша заҳоти кўринади, иш куни бўлиши шарт эмас. Асосийси тизим хавфсизлиги юқори даражада.
Қайси давлатлардан пул ўтказиш мумкин?
Ҳозирда 70 дан ортиқ давлатларда очилган халқаро карталардан (Visa, Mastercard, МИР ва ҳ.к.) Ўзбекистонга онлайн пул ўтказиш мумкин.
Хизмат учун қанча комиссия олиб қолади?
Кўпчилик учун энг муҳим жойи ҳам шу, хизмат ҳақига қанча олишар экан, деган савол. Қулай томони ушбу хизматдан фойдаланганда ўтказилаётган пул миқдоридан қатъи назар аниқ белгиланган комиссия мавжуд. Яъни Россиядан ўтказилганда 49 RUB, Қозоғистондан ўтказилганда 199 KZT, Европадан ўтказилганда 1.50 EUR.
«Ипотек-банк» бошқарув раиси Шуҳрат Атабаевнинг таъкидлашича, бу ҳозирда мавжуд бўлган пул ўтказмалари тизими орасидаги энг арзон комиссия экан. Комиссия фақат пул юборувчидан олинади.
Ўзбекистондан хорижга юбориш мумкинми?
Ташкилотчиларнинг ваъда беришича, тез орада ушбу хизмат ҳам йўлга қўйилади, яъни Ўзбекистон карталаридан хорижий карталарга осонгина пул ўтказиш мумкин бўлади.
Ўзбекистонда карта қайси банкдан очилган бўлиши керак?
Бунинг мутлақо алоқаси йўқ, исталган банк картаси бўлиши мумкин. Масалан, тақдимот пайтида кўз олдимизда 2 та турли банк карталарига пул ўтказиб, кўрсатиб беришди.
Шунингдек, Uzcard ва Humo карталари бўлиши ҳам мумкин, буниси ҳам фарқ қилмайди.
Хизматдан қандай фойдаланиш мумкин?
Бунинг учун paysend.com сайти орқали, шунингдек App Store ёхуд Google Play платформасидан «Paysend» мобил иловасини юклаб олган ҳолда пул ўтказиш мумкин.
Хулласи калом, ўзбек банк тизимига ҳам одамни хурсанд қиладиган яхши янгиликлар кириб келаётганидан хурсандман. Умид қиламанки, ушбу тизим ҳам юртдошларимизга қулайлик яратишга хизмат қилади.
Реклама ҳуқуқи асосида
- 👍 1

